18:38 / 16.02.2017
8101

НАТО Қора денгиздаги позициясини мустаҳкамлайди

Фото: Flickr/ Official U.S. Navy Page

НАТОга аъзо-давлатлар мудофаа вазирлари Қора денгизда ҳарбий-денгиз позицияларини кучайиш ҳақида қарор қабул қилишди. Унинг доирасида минтақадаги вазият ҳақида маълумотлар йиғиш ҳаракатлари фаоллаштирилади, деб маълум қилди альянс бош котиби Йенс Столтенберг.

"Бугун биз бу иш доирасида иккита қўшимча чорани қабул қилишга келишиб олдик. Буларга НАТОнинг Қора денгизда машқлар сонини ошириш ва вазиятдан яхшироқ бохабар бўлиш бўйича ҳарбий-денгиз жиҳатдан позицияни кучайтириш ҳамда бизнинг доимий ҳарбий-денгиз гуруҳларимизнинг бошқа иттифоқдошлар билан ўзаро алоқасини мувофиқлаштириш киради", - деди Столтенберг журналистларга.

Унинг фикрича, Россия билан мулоқотни куч позициясидан келиб чиқиб ва “босиб туриш” услубларидан фойдаланган ҳолда олиб бориш керак. Бу ғарб давлатлари томонидан совуқ уруш пайтида қўлланилган.

Россия президенти Владимир Путин эса НАТО Россияни асосий хавф деб ҳисоблаши, шунинг учун ҳарбий позицияни кучайтирмоқчи эканини таъкидлаб ўтди.

"Ўтган йилнинг июль ойида Варшавада бўлиб ўтган НАТО йиғилишида Россия 1989 йилдан бери илк бор альянс учун асосий таҳдид деб тан олинди, уни “босиб туриш” эса НАТОнинг янги миссияси деб расман маълум қилинди. Шу мақсадда блокни янада кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу аввал ҳам кузатилган, аммо энди уларнинг фикрича, бунинг учун ишончли сабаблар топилди", - деди Путин.

Президентнинг таъкидлашича, альянсга аъзо-давлатлар Россияга қарши доимий фитна уюштирмоқда ва уни можарога жалб қилишга интилмоқда.

Россиянинг НАТОдаги доимий вакили Александр Грушко эса декабрь ойида альянснинг Қора денгизидаги позициясини кучайтириш босимни ошириб, минтақадаги хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши ҳақида маълум қилди.

Top