20:46 / 16.02.2017
20281

Террорчилар, хакерлар ва иғво: Путиннинг ФХХ ходимлари билан учрашувдаги асосий гаплари

Россия президенти Владимир Путин 16 февраль куни Федерал Хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари билан учрашди.

У ФХХ фаолиятини сарҳисоб қилган, Украинани терактлар тайёрлашда, НАТОни зиддиятни давом эттиришда айблаган, АҚШдан эса муносабатларни тиклашни сўраган.

Путин 2016 йилда дунёда хавфсизлик учун таҳдид ортганини қайд этиб ўтган. Россия раҳбари алоҳида давлатлар ва дунё марказлари ўртасида ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда рақобат кучайганини таъкидлаган.

Терактлар, жосуслар ва хакерлик ҳужумлари ҳақида
Путин 2016 йилда хориж махсус хизматлари фаоллиги ошгани ҳақида гапирган. Унинг маълум қилишича, 2016 йилда ФХХ Россияда содир этилиши режалаштирилган 16та терактнинг олдини олди.

Унинг айтишича, ФХХ хориж махсус хизматларининг 386 агенти ва 53 нафар мутахассиси ҳаракатларини олдиндан аниқлаган.

«Хориж махсус хизматлари мамлакатимизнинг ҳарбий-техник салоҳияти бўйича ёпиқ маълумотларини қўлга киритишининг олдини олиш муҳимдир», деган Путин.

Путин 2016 йилда Россиядаги серверларга ахборий хуружлар ҳажми аввалги йилдагига нисбатан 3 баробар ошганини келтириб ўтган.

Путин интернетда ҳам терроризмга қарши курашни фаоллаштириш, экстремистларнинг молиявий манбаларини йўқ қилиш, уларнинг ҳомийлари йўлини тўсишни сўраган. Президент ҳимоя тизимини тузиш кун тартибидаги масала эканини таъкидлаган.

Украина ҳақида
Путин Украина ҳукумати Россияда «қўпорувчилик ҳаракати ва терроризм» билан шуғулланганидан гумон қилган. Давлат раҳбари «Киевнинг бундай ҳаракатлари" фонида ФХХдан кучларни терроризм билан курашга жамлашни талаб қилган.

Унинг фикрича, бугунги кунда Украина ҳукумати мамлакат жануби-шарқида юзага келган вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга қодир эмас. Путин эътиборини охирги кунларда Авдеевкеда бўлиб ўтган ҳарбий ҳаракатларга қаратган.

«Биз охирги вақтларда Украина жануби-шарқида вазият кескинлашгани гувоҳи бўлмоқдамиз. Уларнинг мақсади - Минск келишувларини барбод қилишдир. Украинанинг бугунги ҳукумати бу муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга тайёр эмас ва ҳарбий кучга эътиборини қаратмоқда», деган президент.

АҚШ ва Ғарб ҳақида
Путиннинг ишонч билдиришича, Ғарб давлатлари Россияга доимий равишда иғво қилиб, давлатда қарама-қаршилик пайдо қилмоқчилигини айтиб ўтган. У Яқин Шарқ ва Африка давлатларидаги бир қатор гуруҳлар «баъзи давлатлар»дан ёрдам олиб туришига ишора қилган.

Президент НАТОни Россия чегаралари бўйлаб қуролли кучларни жойлаштиришни жадаллаштиришда айблаган.

«НАТОнинг ўтган йил июлида Варшавада ўтказилган саммитида 1989 йилдан буён илк марта Россия альянс мамлакатлари учун хавф манбаи сифатида тан олинди», деди Путин.

Путин Россия ва АҚШ махсус хизматлари ўртасида терроризмга қарши кураш масаласида мулоқот тикланиши зарурлигини қайд этиб ўтган. Президент «халқаро майдондаги барча қийинчиликларга қарамасдан» ўзаро ҳамкорлик «янги босқичга чиқиши кераклиги» ҳақида гапирган.

«Мулоқот узилгани ва ривожланмай қолгани бизнинг айбимиз эмас. Кўриниб турибдики, аксилтеррор соҳасида барча масъул давлатлар ва бирлашмалар ҳамкорлик қилиши керак», деган Россия раҳбари.

Путин АҚШ президенти Дональд Трамп ёрдамчиси Россия разведкаси билан сирли музокаралари ҳақидаги хабарлар фонида Америка махсус хизматлари билан ҳамкорликни тиклашга кўрсатма берган. Россия ҳукумати бу маълумотни исботланмаган деб атаган.

Дипломатлар хавфсизлиги ҳақида
Владимир Путин хориждаги Россия дипломатлари хавфсизлигини кучайтиришга чақирди.

«Даҳшатли жиноят — Туркиядаги элчимизнинг ўлдирилиши — хориждаги Россия фуқаролари ва ваколатхоналаримиз хавфсизлигига доир масалага жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатди. Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи разведка хизмати билан ҳамкорликда қўшимча хавфсизлик чора-тадбирлари қабул қилишларингни сўрайман», — деди Путин.

Top