10:00 / 18.02.2017
5591

Хитой эски кўмир конларини ёпмоқчи

2017 йилда Хитой ҳукумати мамлакат ҳудудида 500дан кўпроқ кўмир конини ёпмоқчи. Бу ҳақда Хитой энергетика бўйича давлат бошқармаси сайтида айтилган.

Ҳужжат матнига кўра, 2017 йилда кўмир қазиб олиш бўйича қўшимча қувватлар қисқартирилиши давом этади. Бундан ташқари хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва кўмир қазиб олиш технологияси даражасини ошириш бўйича қўшимча чоралар кўрилади.

"Жиддий фалокатлар рўй бериши мумкин бўлган конлар ёпилади, у ердаги асбоб-ускуналар эскирган ҳамда ресурслар камайиб бормоқда. Бу конларда ишлаб чиқаришдаги хавфсизликни таъминлаш учун етарли шароитлар ҳам йўқ. Жорий йил давомида 500дан ортиқ эски кон ёпилади, бу эса ишлаб чиқариш қувватларини тахминан 50 миллион тоннага қисқартириш имконини беради", - дея таъкидланади матнда.

Аввалроқ Хитой ҳукумати саноатнинг ҳаддан ташқари кўп ишлаб чиқариш қувватлари бўлган соҳаларида ўзига хос “таклиф” ислоҳотини ўтказиш ҳақида эълон қилганди. Бу соҳаларда таклиф талабга қараганда бирмунча юқори бўлиб, 2016 йилнинг мартида ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитаси раҳбари Сюй Шаоши Хитой яқин беш йил давомида пўлат ишлаб чиқаришни 100-150 миллион тоннага, кўмир ҳажмини эса – 500 миллион тоннага қисқартириши ҳақида маълум қилди.

Маълумот учун, Хитой тоғ-кон саноати дунёдаги энг хавфлилардан бири бўлиб, бу ерда ҳар йили минглаб кончилар ҳалок бўлади. Ҳукумат сўнгги йилларда хавфсизлик ошириш устида бош қотирмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг март ойи бошида мамлакатнинг меҳнат хавфсизлиги бўйича давлат маъмурияти мамлакат тоғ-кон саноатидаги 5 мингга яқин кичик конни ёпиш режаси ҳақида маълум қилди. Бу ўлим билан тугайдиган ҳодисалар сонини камайтириш мақсадида амалга оширилади.

Top