20:50 / 18.02.2017
64680

Жалақудуқ томонларда: лойли йўллар, анқонинг уруғидек газ баллонлар ва умиди сўнмаган одамлар

Аввал хабар берганимиздек, Kun.uz ижодий жамоаси Андижон вилоятида бўлиб, у ердаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий-марифий ҳаёт, спорт, одамлар турмуш тарзи билан яқиндан танишди.

Жумладан, ижодий жамоа фуқароларнинг махсус таклифига асосан вилоятнинг Жалақудуқ туманида бўлди. Ушбу туманнинг умумий майдони 37 минг гектар бўлиб, шундан 17 минг гектари экин ерлари ҳисобланади. Мазкур туманда 178 минг фуқаро истиқомат қилади. Аҳоли, асосан, қишлоқ хўжалиги соҳаларида хизмат кўрсатади ва чорвачилик билан ҳам шуғулланади. Жалақудуқ туманида умумий ҳисобда олтита қўшма корхона фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, туманда 383та нақд пул топширадиган ва 1700та умумий субъект мавжуд.

Ички йўллар ҳолати: муаммо, ечим, жараён...

Туманга бориб, кўздан кечирган илк жойимиз Қатортол ҚФЙ, “Катта полвон” МФЙда жойлашган Кичик полвон кўчаси бўлди. Бизга туман ҳокими Шуҳрат Қамчиев, туман мутасаддилари ва вилоят ҳокимлигининг бир неча нафар вакиллари ҳамроҳлик қилишди. Ушбу манзилда истиқомат қилувчи фуқаро маҳалланинг ички кўчалари жуда ҳам аянчли аҳволда эканлиги, шу сабабли ҳам кексалар, боғча ёки мактабга бораётган болалар жуда қийналишаётганини айтиб, мурожаат қилган эди. Манзилга етиб бориб гувоҳ бўлдик-ки, муаммо ҳақиқатан ҳам мавжуд ва ҳатто жуда оғир. Вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.

Одамлар суҳбат давомида йўл муаммоси, шунингдек, кам таъминланган оилаларга газ баллонлари етказиб беришда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида сўз юритишди. Бу билан йўлнинг таъмирланиши ва аҳолини газ баллонлари билан таъминлайдиган мутасаддиларнинг камчилиги кўриниб қолди.

Фуқаролар томонидан айтилаётган шикоятларни эшитган ҳоким, шу ернинг ўзида мавжуд барча муаммоларни бир неча кун ичида бартараф этишга ваъда берди. Бунга кўра, лой ва таъмирталаб кўчаларга шағал тўкиладиган, бунинг учун машиналар ёқилғисига кетадиган харажат учун аҳоли томонидан пул йиғиб бериладиган бўлди.

Кўнгиллар жойига тушди. “Йиғ-йиғ” бўлаётган бўлсада, аммо одамларнинг катта бир муаммоси, мушкули осон бўлаётгани учун бунга ортиқча аҳамият бериб ўтирмадик ва бошқа объект сари йўлга тушдик. Орадан тахминан икки ҳафта вақт ўтгач, бажарилган ишлар ҳолати юзасидан туман ҳокими ва аҳолига юзландик.

Биз келиб-кетгач, аҳоли ўз ташаббуси билан йўлни таъмирлашга киришади ва шу сабаб 41 киши 30 минг сўмдан пул беради. Ўртада жами 1 млн 230 минг сўм пул йиғилади. Бу пулларга биз бориб кўрган таъмирталаб кўчага 15 машина шағал олиб келиб тўкилади. Сўнг қўшимча хизматлар ва ёқилғига деб, ҳокимият томонидан одамлардан 200 минг сўм пул олинади. Бизнинг қайта ташриф буюраётганимиздан хабардор бўлган туман ҳокимияти зудлик билан чала қолган ишларни бажаришга киришиб кетади ва айнан биз борадиган кун 10 машина шағал олиб келади. Аммо кўча аҳли 10та эмас, балки 8 машина шағал олиб келинганига гувоҳлик берди. Хуллас, туман ҳокими кўчани таъмирлаш учун жами 25 машина шағал олиб келиб тўкилгани ҳақида бизга ахборот берган эди.

Кўчани таъмирлаш учун аҳолидан пул йиғилди, бу ишларнинг барчаси аҳолининг моддий ёрдами эвазига бўлаётгани, шағал олиб келган ҳар бир машина учун 80 минг сўмдан йиғиб берилиши бизни қаттиқ таажжублантирди. Туман ҳокимининг маълум қилишича, бу ишларнинг ярми аҳоли томонидан, ярими эса ҳокимият томонидан молиялаштирилмоқда. Бу билан муаммо ҳал бўлдими? Туманда бунга ўхшаш кўчалар бошқа йўқми? Аҳоли билан суҳбат давомида фуқаролардан бири: “Агар пулни ўзимизга беришса, сифатлироқ шағал олиб келиб, кўчамизга тўктирар эдик. Туман ҳокимига мурожаат қилиб нима қилардинглар, барибир барчасига ўзимиз балогардон бўлдик”, деб қолди. Қолаверса, ҳисоб-китобларга кўра, бир машина шағал ўртача 10 метрга етар экан. 25 машина шағал эса 250 метрга, ана келинг 300 метрга етсин, йўлнинг қолган қисми нима бўлади? Демак, тағин сифатсизликка, кўзбўямачиликка, алдамчиликка йўл қўйилган.

Газ баллонлари анқонинг уруғими?

Жалақудуқ туманига илк марта борганимизда ва одамлар билан учрашганимизда туман ҳокими Ш. Қамчиев газ баллони олмаган фуқароларни рўйхат қилишни, биринчи навбатда, кам таъминланган оилаларга мана шундай баллонлар берилишини айтган эди. Ўша ернинг ўзида 37та хонадонга газ баллони етказиш борасида қарор қабул қилинди. “Эртага газ баллонлари келади”, дейилган ваъда орадан бир ҳафта ўтиб бажарилди, аммо... 37та эмас, 10та баллон олиб келиб берилади. Биз қайта бораётган кунимиз эса яна 10та баллон одамларга шоша-пиша тарқатилади. Қолган 17та баллон мана уч ҳафтадирки эҳтиёжманд оилаларга етказилмади. Юз мингдан зиёд аҳолиси бор туманга бор йўғи 37та газ баллони етказиш шунчалик қийин ишми? Фуқаролардан бирининг айтишича, ўша ерга яқин Хўжаобод деган туманда газ баллонлари билан умуман муаммо йўқ экан. Ўйлашимизча, Ўзбекистоннинг ҳеч бир чеккасида газ баллонлари билан муаммолар бўлмаса керак. Нега энди жалақудуқликлар бундан азият чекишмоқда?

Хўп, эҳтиёжманд оилалар бу ёқда тура-турсин, аммо бошқа оилалар-чи? Уларга газ баллонлари берилмайдими? Туман ҳокимининг бизга маълум қилишича, газ баллонлари эркин савдода бор. Фуқароларнинг айтишича, унинг нархи 250-270 минг атрофида. Билишимизча, бундай газ баллонлари туман газ таъминоти бошқармаси томонидан фуқароларга ижарага берилади. Бундан ташқари, ҳар ой газ қуядиган машина келишига нима дейсиз? Газ бору, аммо уни тўлдириб оладиган идиш йўқ...

Тоза ичимлик суви танқис ҳудуд

Сафаримиз давомида туманда жойлашган Жанубий Оламушук посёлкасига бордик. Бу ер Қатортол анҳори ёқасида жойлашган бўлиб, ер ости бойликлари билан жуда машҳур ҳисобланади. Собиқ иттифоқ пайтида бу ердан нефть ва табиий газ захираси топилган. Ўша даврда бу ерга мамлакатнинг турли чеккаларидан одамлар келиб, ишлаш учун жойлашишган ва шунга мувофиқ кўп қаватли уйлар қурилган. Биз борган “Шодлик” маҳалласида ҳам ана шундай уйлардан тўққизтаси қад кўтарган. У ердаги муаммо шундан иборатки, қандайдир сабабларга кўра, тоза ичимлик суви ўтмаган. Маҳалла аҳли сувни жуда узоқ масофадан бориб олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, одамларга турли қийинчиликлар туғдиради. У ернинг аҳолиси биз билан суҳбатда бўлар экан, кексалар сув ташишда қийналишаётгани, айниқса, юқори қаватларда турувчи фуқаролар учун бу ўта оғир иш эканлигини айтиб ўтишди.

Туман ҳокими вазиятни тушунтирган бўлди. Унинг айтишича, бу аҳоли яшаш посёлкаси юқорида жойлашган ва сув олиб чиқиш бироз қийин, аммо шунга қарамай қувурлар олиб келиб ётқизишни, ҳар бир дом олдида сув чиқадиган қурилма ўрнатишни, электр энергияси бор вақтда тоза ичимлик сувидан бемалол фойдаланишлари мумкинлигини ваъда берди. Аммо орадан уч ҳафта ўтдики, бу ваъдалар бажарилиши кечикмоқда.

Ўша ерда яшовчилар билан қайта боғланганимизда, ҳали-ҳамон узоқдан сув олиб келишаётгани, маҳаллага қандайдир қувурларнинг олиб келиб ташлангани, қор кўп ёғгани сабаб ишлар бошланмаётгани, яқин орада ҳаммаси яхши бўлар, деган умид билдирди. Туман ҳокимининг айтишича, ҳозиргача учта кўп қаватли уйнинг олдига қувурлар олиб келинган, қолган уйларнинг олдига эса февраль якунига қадар қувурлар олиб келинади ва барча уйларнинг олдида тоза ичимлик суви чиқадиган қилиб қўйилади. Ҳоким ваъдани берди, муддатни айтди. Буёғига кузатишда давом этамиз. Чунки тоза ичимлик суви соғлом турмуш тарзи кечириш учун жуда муҳим восита бўлиб, ундаги мавжуд муаммони бартараф этишни ортга суриб бўлмайди.

Барчаси ёмон эмас, масалан...

Жалақудуқда ҳамма ишлар ҳам аро йўлда эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли фаровонлигини янада ошириш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳам ана шу йўлда қўйилган катта қадамлардан биридир. Сафаримиз вақтида биз кирган хонадонлардан бирида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган, тўрт нафар фарзандни ўстириб, вояга етказаётган оила билан яқиндан суҳбатлашдик.

Ҳовлисининг кичик бир ерида лимонария ташкил этган ушбу оилавий тадбиркорлар, боришимиздан икки кун олдин банкдан берилган имтиёзли кредит асосида 100та товуқ олгани, эртаси куннинг ўзида 48та тухум олишганини севиниб гапириб беришди. Оила бекасининг айтишича, у ён-атрофдаги дўконлар билан тухум савдоси бўйича аллақачон келишиб келган.

Хулоса қандай бўлди?

Дарҳақиқат, нафақат Андижон балки республиканинг бошқа туманлари ва чекка қишлоқларида ҳам қишлоқ хўжалигини, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш қанчалик муҳим омил эканлигига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Зеро, чекка қишлоқларда ишлаб чиқариш, завод ва корхоналар ҳали қад ростламаган бир пайтда шароитдан келиб чиқиб, мана шундай ишларни йўлга қўйилаётгани аҳоли моддий таъминотини янада яхшилайди. Бунга туман ва вилоят ҳокимликлари ҳам хайрихоҳ. Фақат озгина қунт ва ҳаракат бўлса бас.

Қолаверса, маҳаллий фуқароларнинг айтишича, туманда ишлаб чиқариш корхоналари, янада кўп бўлса, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланадиган, қиш вақтида ишсиз ўтирадиган одамлар учун бу ҳам янгилик, ҳам даромад манбаи, ҳам янги машғулот бўлар эди.

Туман ҳокими билан сўнгги бор суҳбатлашганимизда, ўзига хос янгилик ҳақида хабар бериб қолди. Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Очилбой Раматов вилоятга ташриф буюрган ва Жалақудуқ тумани ҳокими билан мулоқотда бўлган. Вазир ўринбосари бир йил ичида Жалақудуқ туманидаги 26 км. йўл тўлиқ таъмирдан чиқарилишини маълум қилган.

Андижон вилоятида жойлашган ушбу тумандаги мавжуд муаммолар, хусусан, айрим маҳаллалардаги йўлларнинг таъмирланишини, газ баллонларига эга бўлмаган одамларга уларнинг етказиб берилишини, ичимлик суви танқис ҳудудларда зарур тадбирлар кўрилишини, мактабларда турли тўгараклар ташкил этилишини соҳа мутасаддилари, жумладан, вилоят ҳокимлиги жиддий қабул қилиб, ўз вақтида бартараф этишларига умид қиламиз.

Top