13:15 / 19.02.2017
28035

Порахўрликда айбланган тошкентлик судья 9 йилга озодликдан маҳрум этилди

Иллюстратив фото

Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманининг жиноий ишлар бўйича судининг раиси Мурод Алимухамедовни ишчи хонасида 10 минг доллар пора олаётганда қўлга туширдилар. У бу пулларга ўғрилик учун судланган шахснинг жазосини юмшатиб беришга ваъда берган. Бу ҳақда МХХ вакили "Sputnik Узбекистан" нашри мухбирига маълум қилди

"Тамагир жазоланган шахснинг яқинлари қонунчиликнинг нозик томонларидан бехабар бўлганларидан фойдаланган. Ишнинг ўзига хослиги ва судланувчининг ёш эканлиги ҳисобга олинган ҳолда ҳамда бу оиладан икки киши жазо ўтаётгани сабабли йигит жазони юмшатувчи ҳолатлар таъсирига тушган ва амнистия бўйича жазодан озод қилиниши мумкин бўлган. Бироқ Алимухамедов айбланувчининг яқинларини алдаб, олинган пулларни ушбу жиноий ишни кўраётган Тошкент шаҳар суди судьясига беришини айтган", дейилди хабарда.

МХХ тўплаган материаллар асосида Бош прокуратура тамагир судьяга нисбатан Жиноят кодексининг "Пора олиш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди.

Тергов давомида судья ўз хизмат ваколатларини биринчи марта суистеъмол қилмаётгани аниқланган. У, шунингдек, судланувчи жарима сифатида тўлаб берган пулларни ноқонуний равишда ўзлаштириб олган.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳрининг жиноий ишлар бўйича суди тамагир судьяга нисбатан ҳукм чиқарди ва уни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Айтиш жоизки, Алимухамедовнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган шахслар адолатга эришдилар: ўғрилик учун судланган ёш йигит амнистияга кўра озодликка чиқди.

Умид қиламизки, ёш судланувчи ўз қилмишидан пушаймон еб, унга берилган имкониятдан тўғри фойдаланиб, бошқа қонунга хилоф ишларга қўл урмайди.

Top