19:06 / 20.02.2017
6413

ОАВ Покистон Афғонистон билан чегарасига артиллерия жойлаштирганини маълум қилди

Фото: AP

Покистон ўтган ҳафтада Саҳвон-Шариф шаҳридаги йирик терактдан кейин бошланган аксилтеррорчилик кампанияси доирасида Афғонистон билан чегарасига оғир артиллерияни жойлаштира бошлади. Бу ҳақда Покистоннинг Express Tribune нашри хабар бермоқда

16 февралда Саҳвон-Шарифда суфий файласуф ва шоир Лаъл Шаҳбоз Қаландар мақбараси жойлашган мажмуа ҳудудида портлаш содир этилганди. Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.  

Покистонда бир ҳафтадан камроқ вақт ичида иккинчи йирик теракт бўлган ушбу ҳужумдан кейин Покистон армияси мамлакатдаги охирги бир қатор терактлар Афғонистон ҳудудидаги "душман кучлари" буйруғи билан амалга оширилганини ва Исломобод жавоб чоралари кўришини айтган. Мамлакатнинг турли қисмларида аксилтеррорчилик операциялари ўтказилмоқда, жумладан Афғонистон билан чегара ҳудудларида 100 дан кўпроқ жангари йўқ қилинган, 250 га яқини қўлга олинган.

Нашр маълумотларига кўра, артиллерия Торхам ва Чаман округларида чегараларга жойлаштирилган. Ҳарбийларнинг чегарада жойлашувининг кучайтирилишидан мақсад чегарани ноқонуний кесиб ўтишнинг олдини олиш айтилмоқда ва ҳарбийлар бунга барча кучлар билан жавоб беришга ваъда берганлар. Бундан ташқари, чегара олди ҳудудлари назорати кучайтирилган.   

20 февралда Покистон армияси расмий вакили генерал-майор Асиф Ғофур армия бош қароргоҳида юқори лавозимдаги зобитлар йиғилиши ўтгани ва унда Покистон ва Афғонистоннинг аксилтеррорчилик саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш масаласи муҳокама қилинганини маълум қилди. 

Top