15:33 / 21.02.2017
49230

Олтинкўлликлар товуқ боқиш ортидан нималарга эришиш мумкинлигини исботлашди

Бирор янги ва истиқболли лойиҳа бошланса, кўпчилик: “Кимдир юритиб фойда кўрсин, сўнг уринаман”, деган фикрга боради. Албатта, синалган ишнинг самарасидан воқиф бўлиб, сўнг бошлаган ҳам маъқул.

Имтиёзли кредит ҳисобига хонадонида парранда боқишни бошлаган Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги Кўмакай қишлоғида яшовчи Акбаровлар оиласини йўқлаб бордик.

Уй бекаси Омадхон опа ўғли билан шинамгина уйи ертўласига жойлаштирилган товуқ катаклари олдида андармон, онасига қарашаётган Фаррухбек эса катаклардан тухумларни териш билан банд. Оила тумандаги тижорат банклари томонидан берилган имкониятдан фойдаланиб 200 дона зотли товуқ боқишни бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Натижалар эса бир оила учун жуда салмоқли.

- Икки юзта товуқнинг 90 фоизи озиғини рацион асосида бериб турсангиз кунига тухум қилар экан, - дейди Омадхон опа. – Мана бу 130 дона тухумни ҳозиргина териб олдик, ҳали кечгача яна йиғамиз. 100 та товуққа кунига уч маҳал 17 килограмм озуқани (бир кунда бериладиган доннинг нархи ҳозирда 7 минг сўмга тўғри келяпти) 3 маҳал бўлиб  берилади. Ҳисоблаб чиқсак, оиламизга ойига ўртача 1 миллионга яқин соф даромад келар экан.

Олтинкўл саноат коллежи жамоаси муассасанинг ўзида товуқхона ташкил қилибди. Бундан кўзланган мақсад - ўқувчиларга парранда боқишни ўргатиб, соҳанинг сердаромад эканлигини амалий кўрсатиш. Таълим муассасасида 9 фоизлик имтиёзли кредит ҳисобига донаси 27000 сўмдан олиб келинган 100 дона товуқ замонавий катакларда парваришланмоқда. Товуқхона иқтисодиёт йўналишидаги дарс машғулотлари учун эса тайёр ва жонли кўргазмали қурол вазифасини ҳам ўтаётир.

Элмурод Эрматов, Андижон

Top