14:30 / 21.02.2017
29434

Ўзбекистонда тухум экспорти: энг йирик харидор Афғонистон

Кейинги йилларда Қашқадарё вилоятида ҳам гўшт, сут ва тухум етиштириш ҳажми бир неча баробар ошди. Ўтган йилда вилоятда паррандачилик соҳасида 160 дан ортиқ истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. 2016 йил вилоят ишбилармонлари томонидан ташқи бозорга қарийб 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги тухум экспорт қилинди. Бу жараёнда уларга божхона ходимлари яқиндан ёрдам бермоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда тухум экспорти ҳажми бир неча баробарга ошди ва январь ойининг ўзидаёқ қиймати 438 минг долларлик тухум экспорт қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

– Шу вақтга қадар маҳсулотимизни ички бозорга сотган бўлсак, эндиликда унинг бир қисмини экспортга йўналтириш имкониятига эгамиз, – дейди Яккабоғ туманидаги “Кумуш куз файзи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мақсуд Камолов. – Ўтган йили афғонистонлик ҳамкорларимизга 60 минг долларликдан зиёд тухум етказиб бердик. Ушбу ҳамкорлигимиз жорий йилда ҳам давом этади. 

Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган “Эко парранда” масъулияти чекланган жамияти бундан беш йил аввал ташкил этилган. Тадбиркорлик субъекти ўтган даврда сезиларли ривожланишга эришди. Айни пайтда корхона фабрикасида боқилаётган товуқлар сони 80 минг бошга етган. “Хай-лайн” зотига мансуб бу товуқлар касалликка чидамлилиги ва маҳсулдорлиги билан ажралиб туради.

Фабрикада кунига ўртача 10 минг дона тухум олинади. Тез орада қиймати 1 миллион доллардан ортиқ қўшимча лойиҳани амалга ошириш бўйича ишларни якунланади. Натижада фабрикада боқиладиган товуқлар сони 120 минг бошга ортади, 30 янги иш ўрни яратилади.

Маълумотларга кўра, ушбу корхона ҳам ўтган йилдан бошлаб тухум экспорт қилишга киришган. Афғонистон давлатидаги “Ixlos Ltd.” фирмаси томонидан 107 минг долларлик маҳсулот харид қилинган. Ҳамкорлар жорий йилда 7 миллион дона тухум етказиб бериш бўйича келишув имзолаган.

Top