11:25 / 21.02.2017
5067

WSJ: Саудия Арабистони Saudi Aramco акцияларини Нью-Йорк биржасига жойлаштириши мумкин

Фото : AP

Саудия подшоҳлиги Saudi Aramco давлат нефь компанияси акцияларини Осиё фонд бозорларида эмас, Ғарб биржаларида бирламчи жойлаштириш фикрини маъқул кўрмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ёзмоқда.

Газета маълумотларига кўра, IPO (бирор молиявий тузилма кафолати остида акцияларини илк маротаба биржа савдоларига қўйиш) шаклида қимматли қоғозларни чиқариш учун номзод майдон сифатида Нью-Йорк, Торонто ёки Лондон биржалари кўриб чиқилмоқда. Нашр манбаларининг сўзларига кўра, Саудия ҳукумати «ҳозирча Нью Йорк биржасини маъқул кўрмоқда». «Таъкидланишича, бу тарихдаги энг йирик IPO бўлади. Шу сабабли, йирик банклар, фонд майдонлари раҳбарияти, салоҳиятли сармоядорлар ва молиявий маслаҳатчилар манфаатларининг тўқнашувини келтириб чиқаради», - деб ёзади газета. 

Дастлаб, Саудия акцияларини Сингапур, Ҳонгконг, Токио ёки Шанхайда жойлаштириш хусусида бош қотирган. Бироқ, мамлакат ҳукумати бу йўналишда оёқ тираб олмаса керак, деб ёзади The Wall Street Journal. Аммо, нашр Ар Риёд кайфияти ўзгаришининг сабабини келтирмаган. 

Ўтган йил декабрь ойида Саудиянинг Al Iktisadi нашри ёзганидек, Ар-Риёд Saudi Aramco компаниясининг 49 фоиз акцияларини сотиш имкониятини кўриб чиқаётган эди. Бу амалиёт нефть гиганти акциялари IPO воситасида 2017-2018 йилларда бирламчи жойлаштирилганидан сўнг, 10 йил мобайнида амалга оширилади. Биринчи босқичда компаниянинг камида 5 фоиз акцияси сотилади. Сотиш ҳақидаги сўнгги қарорни Саудия ҳукумати ҳузуридаги валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон раҳбарлигидаги мамлакатни ривожлантириш ва иқтисодий масалалар бўйича кенгаш қабул қилади. 

Таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистони нефть нархи тушган бир вақтда давлат бюджетини мувозанатлашга уринмоқда. Расмий вакилларга кўра, гарчи Saudi Aramco дунёнинг энг ёпиқ компанияси ва ўз даромадларини эълон қилмаса-да, «триллионлаб доллар» туради. 

Top