18:13 / 22.02.2017
21033

Жаҳонда Ўзбекистон мева-сабзавотларига талаб нега катта эканлиги маълум бўлди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Швейцариянинг Вionovatic компанияси билан ҳамкорликда "Биологиялашган қишлоқ хўжалиги ва унинг органик деҳқончиликдаги ўрни" мавзусида семинар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистонда шаклланган сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти азалдан маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик принципларига асосланган. Бу гени модификация қилинмаган, экологик тоза мева ва сабзавотлар етиштириш имконини бермоқда. 

Маълумки, органик қишлоқ хўжалиги – атроф-муҳитга зарар келтирадиган кимёвий воситалардан фойдаланмасдан биологик хилма-хилликни асрайдиган, экотизимни яхшилайдиган, тупроқ унумдорлигини оширадиган, инсонлар саломатлигини муҳофаза қиладиган ишлаб чиқариш тизими ҳисобланади. Айни вақтда ривожланган мамлакатларда импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига органик тизимларга мувофиқ сертификатлар талаб этилмоқда. Бу эса Ўзбекистонда органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, унинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланган қишлоқ хўжалик экинларининг турли касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашишнинг биологик усулларини ривожлантиришни талаб этмоқда.

– Зараркунанда ва касалликларга қарши курашда экологик соф усуллардан фойдаланиш, биологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қўллаш бўйича Ўзбекистон дунёда етакчи ҳисобланади, – дейди “Биосифат” марказий лабораторияси мудири, биология фанлари номзоди Зуҳра Саидова. – Етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг 90 фоиздан ортиғи биологик усул ёрдамида парваришлангани боис жаҳон бозорида, хусусан, Япония, Жанубий Корея, Европа мамлакатларида уларга талаб ортиб бормоқда.

Семинарда Ўзбекистонда органик қишлоқ хўжалигининг амалдаги ҳолати ва истиқболлари, техник ва иқтисодий асослари, органик маҳсулотлар етиштириш, ўсимликларни озиқлантириш ва ҳимоя қилишнинг биологик усуллари, органик қишлоқ хўжалиги тамойиллари ва усуллари ҳақида маърузалар тингланди. Вionovatic компанияси биологик препаратлар ишлаб чиқариш борасида тақдимот ўтказди.

Top