23:15 / 23.02.2017
18895

Қозоғистонда "ўзбек маҳсулоти" бренди жуда машҳурлиги эътироф этилди

Бугун, 23 февраль куни пойтахтимиздаги Халқаро бизнес марказида Қозоғистон Республикаси бош вазири ўринбосари А.Мамин бошчилигидаги делегациянинг Тошкентга ташрифи доирасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича 16-Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. 

Тадбир доирасида Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари, "Ўзбекистон темир йўллари" Акционерлик жамияти бошқаруви раиси Очилбой Раматов ҳамда Қозоғистон Республикаси бош вазири ўринбосари Мамин Аскар томонидан икки мамлакат ўртасида баённома имзоланди.

Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон кенг кўламли савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилди. 

Остона шаҳридаги "Марказий Осиё савдо уйи" бош директори Алишер Маҳмудов давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни баҳолаб ўтди.

"2016 йилда "Ўзагроэкспорт" акциядорлик жамияти ҳамда қозоғистонлик ҳамкорлар билан Остона шаҳрида "Марказий Осиё савдо уйи" ташкил этилди. Савдо уйини очишдан кўзланган асосий мақсад, мамлакатлар ўртасида товар айирбошлашни янада ривожлантиришдир. 

Мазкур ҳамкорлик орқали ҳар йили Ўзбекистондан турли маҳсулотлар Қозоғистонга етказиб берилади. 2017 йил бошида биз Қозоғистон бозорига айни дамда талабгир бўлган шарбатларни етказиб беришни бошладик. Яқин кунларда биз жуда катта ҳажмдаги товар айирбошлашни амалга ошириш ниятидамиз. Улар орасида сабзи, карам, пиёз ва бошқа сабзавотларни учратиш мумкин. Қозоғистонлик истеъмолчилар ва харидорлар Ўзбекистондан келтирилган тоза экологик мева-сабзавотларни жуда яхши кўришади. Улар орасида "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган", "ўзбекча маҳсулот" деган бренд жуда оммалашган. Биз катта гипермаркет, супермаркетларга ўз вақтида маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйишда давом этамиз. Бу борада Остонадаги энг йирик транспорт-логистика маркази яқиндан кўмак бериб келмоқда. 

Мақсадимиз - Қозоғистон ва унинг чегарасига яқин бўлган бошқа ҳудудлар, жумладан, Омск, Новосибирск бозорларига ҳам ўз маҳсулотларимизни етказиб бериш ва  ўзаро ҳамкорликни яна тараққий эттиришдир".

Феруза Авазова тайёрлади

Top