20:40 / 23.02.2017
13902

Мирзиёев Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Маминни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, жумладан, савдо-иқтисодий алоқалар барқарор ва изчил ривожланаётгани ҳамда мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.

Икки давлат раҳбарининг 2016 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳридаги учрашувида эришилган келишувларга мувофиқ, ўзаро савдо ҳажмини тубдан ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда.

Ш.М.Мирзиёев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги самарали ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш, бунинг учун аввало савдо, инвестициявий технологиялар ва транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорлик бўйича аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва мустаҳкамлаш лозимлиги, бу савдо ва маданият соҳаларида алоқаларни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиши алоҳида таъкидланди.

Асқар Мамин самимий қабул учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик изҳор этди ва Қозоғистон Ўзбекистон билан кенг кўламли амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.

Top