21:02 / 23.02.2017
40673

Ўзбекистон-Россия меҳнат миграцияси ҳамкорлигига старт берилди

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги делегацияси меҳнат миграцияси бўйича икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш мақсадида Россия Федерацияси пойтахтида бўлди. Бу ҳақида вазирликнинг расмий сайтида хабар берилди. 

2017 йил 21 февраль куни Меҳнат вазирлиги делегацияси Россия ИИВнинг меҳнат миграцияси масалалари бош бошқармасида учрашув ўтказиб, Ўзбекистон фуқароларини РФ ҳудудида меҳнат фаолиятларини олиб боришлари учун жалб қилиш масалаларига қаратилган икки мамлакат ҳукумати ўртасидаги келишув лойиҳасига оид масалаларни муҳокама қилишди.  

Шу куннинг ўзида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида агентликнинг “Ўзбекистон Республикасининг кадрлар салоҳияти” мавзусида тақдимот ҳамда Россия Федерациясининг тегишли вазирлик, ташкилот ва ишбилармонлари, ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Тадбирда РФ Президенти маъмурияти, ҳудудлар, йирик тижорат банклари ва суғурта компаниялари вакиллари, ишбилармонлар, шунингдек, Россиядаги ҳудудий ўзбек миллий-маданий жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. ​

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳияти ва меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва эҳтиёжлари ҳимояланган замон талабларига асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётганлиги билан танишишди.

Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га асосан меҳнат миграцияси масалаларида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш мақсадида 2017 йилда Меҳнат вазирлиги вакиллари Россия Федерациясининг ҳудудларига ташриф буюришади ва ташқи меҳнат миграцияси масалаларида фаолият олиб борувчи маҳаллий ташкилотлар, ўзбек миллий-маданий жамоат ташкилотлари ҳамда йирик иш берувчилар билан учрашувлар ўтказишади.     

Мазкур ташриф давомида, делегация вакиллари Марказий федерал округнинг бир нечта вилоятларида  ҳудудлар раҳбарлари, тегишли ташкилотлар ҳамда йирик иш берувчилар билан учрашувлар ўтказиши белгиланган.

Мазкур ташриф Ўзбекистон фуқароларининг Россия Федерациясида меҳнат фаолиятларини хуқуқий тартибга солиш, уларнинг хуқуқлари ва меҳнат фаолиятларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.  

Top