14:01 / 25.02.2017
10788

Хорижий фуқароларга Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жарима солиниши мумкин

Ўзбекистон Республикасига келган хорижий сайёҳлар мамлакат ҳудудида бўлиш қоидаларини бузган тақдирда уларга нисбатан, раҳбар шахслар ва хорижий фуқароларни таклиф қилган Ўзбекистон фуқароларига маъмурий жазо қўллаш бўйича қонун қабул қилиниши мумкин. Маъмурий жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 50 бараваригача бўлади. 

Айни пайтда, хорижлик сайёҳларни қабул қилувчи туристик фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари сайёҳларнинг Ўзбекистон ҳудудида бўлиб туриши ва хатти-ҳаракатлари учун тўлиқ масъул ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликка кўра, қоидабузарлик ҳолати аниқланганда, мазкур субъектларга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 100 бараваригача жарима солиниши мумкин. 

Бироқ, ушбу мажбуриятни бевосита ва тўлиқ бажаришнинг имкони йўқ. Чунки, бу ташкилотлар сайёҳларнинг кечки ва тунги вақтларда ҳаракатини назорат қилиш имконига эга эмас. Шунга кўра, улар сайёҳлар билан шартнома доирасида жавобгардир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексига ўзгартишлар киритиш режалаштирилмоқда. 

Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси сайтига жойлаштирилган «Ўзбекистон Республикасида ўрта истиқболда туризмни ривожлантириш бўйича Концепциясини ҳаётга татбиқ этиш чоралари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида сўз юритилган.

Top