08:59 / 26.02.2017
147452

Тавсия: 750 минг сўмга иссиқхона ва 6 млн сўм соф фойда

Mehnat.uz сайтида иссиқхона қуриш технологияси ҳақида маълумот берилди.

Бир сотихлик иссиқхона қуриш учун узунлиги 18-20 метр, эни 6 метр бўлган майдон танланиши маъқул. Бунинг учун тупроқ 20 сантиметр чуқурликда ковлангач, шу ернинг ўзидан эни 30-35 сантиметр, бўйи 45-50 сантиметр бўлган пойдевор кўтарилади. Шундан сўнг икки ён томонга 2,8 ёки 3 метр баландликда 8тадан устун ўрнатилади. Устунларнинг ҳар иккитаси оралиғида баландлиги 80 сантиметр, эни эса 40 сантиметрликдаги шамоллатгич (туйнук) қолдирилиб, пишиқ ғишт ёки пахса девор билан бекитилгач, сувоқ қилиб ташланади. Иссиқхонани ёпиш учун устунлар устига кенглиги 5-8 сантиметрликдаги металл узунасига пайвандланади. Бу икки томонлама қўйилганда 1 сотих ерга 36 метр металл кетади дегани.

Бир қаватли полиэтилен плёнка билан қопланган, бир сотихлик иситиладиган иссиқхона тиклаш учун (металл, симлар, таянч устунлари, бетон қоришмалари, пайвандлаш, тупроқ ишлари) кетадиган сарф-харажат 350-400 минг сўмдан ошмайди. Бунга полиэтилен плёнка, транспорт иситиш, дорилаш харажатлари қўшилса, иссиқхонанинг жами нархи 700-750 минг сўмга боради.

Полиэтилен пленкалар ва арматураларни "Агрофирмалар" орқали таъминотчи ташкилотлардан ёки тўғридан-тўғри савдо тармоқларидан сотиб олиш мумкин.

Помидор кўчати етиштиришда маҳаллий Ситора, ТМК-2, Авицена, Шарқ юлдузи, Дўстлик, Севара, Шафақ, Сурхон-142, Заковат, Нурафшон F1 навларини экиш тавсия этилиб, бир сотих майдонга етарли миқдорда кўчат тайёрлаш учун 350-400 гр. уруғ сарфланади. 1 кг помидор уруғнинг ўртача нархи 77-80 минг сўмни ташкил қилади.

Помидор уруғларини "Мева ва сабзавот экинлари ва картошкачилик" ИТИ ва “Ўзмевасабзавотуруғсаноати” уюшмасидан ташкил этилган агрофирмалар орқали етказиб берилади.

1 сотих ердан 80-100 мингта кўчат олинса, очиқ ерга сотиш даврида 1 дона помидор кўчатининг нархи 80-100 сўм бўлганда, жами даромад кўчат олинса, 8 млн сўмни ташкил қилади, жами харажатлар иссиқхонани қуриш, уруғлик иситиш ва бошқа харажатлар 2 млн сўмни ташкил қилса, соф фойда 6 млн сўмни ташкил этиши мумкин.

Top