19:28 / 26.02.2017
23270

"Толибон" экологик муаммони кўтариб чиқди

Фото: AP

"Толибон" ҳаракати етакчиси Ҳибатулла Охунзода Афғонистон аҳолисини кўпроқ дарахт экишга чақирган.

У ўз баёнотида барча жангчиларни ва оддий фуқароларни камида биттадан кўчат экишга чақирган.

Афғонистон кейинги вақтларда ўрмонлар сийраклашиши муаммоси билан тўқнашган. Мамлакатда дарахтлар ёқиш учун ноқонуний кесилади.

"Толибон" бу вақтгача экологик муаммоларни кўтариб чиқиши деярли кузатилмаганди.

Ҳайбатулла Охунзода, "Толибон" раҳбарлигига ўтган йилнинг майида келган, у ҳарбий етакчиликдан кўра, имомлиги билан машҳур ҳисобланади.

Унинг чиқиши толибларнинг тарғибот канали орқали намойиш қилинган. Унинг бу галги нутқи Афғонистон ҳукумати ва ғарбий коалицияга лаънат ўқишдан иборат бўлмай, янгича оҳангда айтилган.

"Кўчат ўтқазиш, атроф-муҳит ҳимоясида, иқтисодий ривожланиш ва Ер юзининг яшиллашишида ўта муҳим ўрин тутади", дейилган унинг баёнотида.

"Дарахт парваришлаш ва қишлоқ хўжалиги фойдали ва даромадли бўлиб, бу иш ўлимдан кейин ҳам мукофотланади", - деган Охунзода.

Қайд этиш керакки, толиблар одатда экин майдонларида гиёҳванд моддалар ўстиришда айбланади.

Талибонлар 1996 йилда Афғонистон ҳукумати тепасига келган, 2001 йилда мамлакат ҳудудига АҚШ қўшинлари киргач, ағдарилганди.

Афғонистонда ўтган асрнинг иккинчи ярмида ҳукумат ва толиблар ўртасида низолар давом этиб келмоқда. Тинчлик ўрнатиш учун бир неча бор музокара бошланган, аммо "Толибон" томони ён беришни истамайди ва Афғонистондан халқаро кучлар олиб чиқилиши талабини қўяди. 

Top