23:35 / 02.03.2017
12679

Мирослав Енча: “Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашиб Ўзбекистон келажаги буюк эканига амин бўлдим”

Фото: Анвар Илёсов/Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистонда БМТнинг бир қатор тузилмалари – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Жаҳон банки, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Тараққиёт дастури, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури каби ташкилотларининг ваколатхоналари фаолият кўрсатаётир.

Мазкур нуфузли халқаро ташкилот Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни, ҳамкорликдаги фаолияти ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йилларданоқ ўзининг мустақил тараққиёт йўлини аниқ белгилаб олган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мамлакатингиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши учун буюк ишлар қилди. Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиёда Ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этилди. У Орол муаммосига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратди.

Ўзбекистон, хусусан, Тошкентнинг бетакрор таровати мени ўзига ҳамиша ром этиб келган. Бу ерда ўзимни уйимдагидек ҳис қиламан. Тошкентда бир неча йил яшаганман. Шу боис мамлакатингизда турли соҳаларда рўй бераётган ўзгаришларни кузатиб бораман. Президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашиб мамлакатингиз келажаги буюк эканига, Ўзбекистон халқининг турмуш фаровонлиги муттасил юксалиб боришига яна бир бор амин бўлдим.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатингиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, халқ фаровонлигини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил Ўзбекистонда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Ана шу мулоқотни амалда йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилди. Бу ғоя, бу тизим аҳоли турмуш фаровонлиги янада юксалишини таъминлайди.

Ўзбекистоннинг БМТга аъзо бўлганига 25 йил тўлди. Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувимиз айнан шу кунга тўғри келганида ҳам рамзий маъно бор. Ўзбекистон БМТда алоҳида ўрин тутади. Мамлакатингиз бундан кейин ҳам ташкилотимиз доирасида долзарб масалалар юзасидан муҳокамаларда фаол иштирок этиши, минтақавий ва глобал масалаларни ҳал этишга муносиб ҳисса қўшишига ишонаман. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз изчил давом этишини алоҳида таъкидламоқчиман.

Top