19:30 / 02.03.2017
10853

Сурия армияси Пальмирани ИШИДдан қайтариб олди

Фото: AFP

Сурия армияси ўтган йилнинг декабрида ИШИД жангарилари томонидан эгаллаб олинган тарихий Пальмира шаҳрида назоратни қўлга олди.

"Россия ҲКК самолётлари томонидан қўллаб-қувватлаб турилган Сурия қуролли кучлари Пальмирани озод этиш амалиётини якунлади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путинга Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳисобот берди", деган Россия президенти матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков.

ИШИД 2015 йилнинг май ойида Пальмирани босиб олган. Ўшанда жангарилар шаҳардаги бир неча тарихий ёдгорликларни, хусусан, Ғалаба дарвозаси, маъбуд Бэл ибодатхонаси ва Баал-Шамин ибодатхонасини, шунингдек, дафн минораларини вайрон қилган эди.

2016 йилнинг 24 март куни Сурия қўшинлари Россия қуролли кучлари кўмагида Пальмирани эгаллади. Пальмира озод қилинганидан сўнг, Россиянинг Мариинский театри оркестри дирижёр Валерий Гергиев раҳбарлигида Пальмирадаги Рим амфитеатрида концерт берган, бу томоша Россия телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилган.

Декабрь ойи бошида ИШИД жангарилари Пальмирани яна босиб олиб, Сурия ҳукумат кучларини шаҳардан қувиб чиқаргани маълум бўлди.

Сурия армияси Пальмирадаги муҳим стратегик нуқтани ишғол қилди

Мавзу
Суриядаги уруш
Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролар уруши мамлакатни бир неча қисмларга бўлиб ташлаган. Сурия ҳукумати, ИШИД, курдлар ва бошқа турли жангари гуруҳлар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда.
Барчаси
Top