17:13 / 07.03.2017
9050

«Реал» учун яна бир синов. Куннинг марказий учрашуви ҳақида

Бугун Европа чемпионлари лигаси 1/8 финал жавоб учрашувларига старт берилади. «Реал» Италияда меҳмон бўлса, биринчи учрашувда деярли барча масалага ойдинлик киритиб бўлган «Бавария» «Арсенал» билан сафар учрашувини ўтказади. Tribuna.Uz учрашувлар олди маълумотлар билан ўртоқлашади.

НАПОЛИ – РЕАЛ (8 мартга ўтар кечаси, 00:45, UzReport, Матч ТВ)

Амалдаги чемпион «Реал» 1/4 финал йўлланмасини нақд қилиб қўйиш мақсадида «Наполи» уйига сафар уюштиради. Бунинг учун жамоага битта тўп фарқи билан мағлубият ҳам кифоя қилади. Маълумот учун, биринчи учрашувда Зидан шогирдлари 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Бу учрашувга қадар жамоалар ўзаро бирорта учрашувда майдонга тушмаганди. 

Учрашув олдидан
«Наполи»

Неаполликлар учрашувга жуда яхши кайфиятда етиб келишди. Сарри шогирдлари А сериянинг сўнгги турида «Рома» майдонида меҳмон бўлиб, ўта муҳим ғалабани қўлга киритди ва 2-ўрин учун курашни давом эттирадиган бўлди. Италияликлар кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритиши учун камида 2:0 ҳисобида, ёки 3 тўп фарқи билан ғалаба қозониши керак. 3:1 ҳисобидаги ғалаба эса қўшимча бўлимлар ва пенальтилар сериясини тақдим этиши мумкин.

«Реал Мадрид»
Зинедин Зидан шогирдлари Испания чемпионатининг сўнгги турида «Эйбар» устидан ғалаба қозонди. Роналду, Гарет Бэйл, Альваро Мората учрашувни ўтказиб юборган бўлишига қарамай мадридликлар ишончли ўйин кўрсата олишди. Учрашувдан олдин кичик жароҳат олган Роналду Италияга ўйинга тайёр ҳолатда етиб келди.

Йўқотишлар 
«Реал» таркибида Рафаэль Вараннинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Роналду юқорида айтганимиздек сафга қайтган Каземиро ҳам майдонга тушишга тайёр. «Наполи» таркибида эса биргина Аллан ўйинни ўтказиб юбориши мумкин.

Тахминий таркиблар
Наполи: 
25. Рейна, 31. Ғулом, 26. Кулибали, 33. Альбиоль, 2. Ҳюсай, 17. Ҳамшик, 42. Диавара, 20. Рог, 24. Инсинье, 14. Мертенс, 7. Кальехон.
Реал: 1. Навас, 12. Марсело, 5. Варан, 4. Рамос, 2. Карвахаль, 19. Модрич, 14. Каземиро, 8. Кроос, 11. Бэйл, 9. Бензема, 7. Роналду.

Ўйиндан олдинги фикрлар
Зинедин Зидан («Реал» бош мураббийи):

«Чемпионлар лигаси учрашувлари ҳар доим қийин бўлган. Биз жуда кам мағлубиятга учрайдиган жамоага қарши майдонга тушамиз. Айниқса, улар уйда жуда яхши ўйин кўрсатишади. Бу ерда бизга осон бўлмаслиги аниқ. Мухлислар ўз жамоаларини ақлбовар қилмас тарзда қўллаб-қувватлашади. Аммо бу ҳам бизга қўшимча мотивация беради. Ўйлашимча, «Наполи» ўйин бошидан ҳужумга зўр беради. Чунки уларга гол сув ва ҳаводек зарур».

Маурисио Сарри («Наполи» бош мураббийи):
«Барча босим «Реал»га бўлади. Чунки улар жаҳон чемпиони, дунёнинг энг бой жамоаси. Шу сабабдан ҳам улар кейинги босқичга чиқишга мажбур. Аммо бизнинг мухлислар ҳам ўз иши бўйича жаҳон чемпиони. Учрашувда бунинг гувоҳи бўласиз. Рақибимиз 46 учрашувдан буён  гол уришни уддалаб келмоқда. Бу статистика уларга ёрдам бериши мумкин. Лекин бизда ҳам вазиятлар бўлиши аниқ. Бу каби учрашувларда сенда қанча вазият бўлади деб ўйлаш тўғри эмас. Шунчаки дуч келган хавфли вазиятдан фойдаланиш керак. Ўйлашимча, ҳар қандай натижага қарамасдан, ўз ўйинимиздан завқ олишимиз керак».

Top