22:57 / 11.03.2017
9912

16 йил очлик эълон қилган ҳинд фаоли сайловлардан "тўйганини" айтди

Ўтган йили 16 йил давом этган очлик эълон қилишни тугатган ҳиндистонлик фаол Иром Шармила Манипур штатининг қонун чиқарувчи органига сайловларда қақшатқич мағлубиятга учради. У бор-йўғи 90 овоз тўплади. 

Шармила ўзининг "Халқ тикланиши ва адолат альянси" партиясидан штатнинг амалдаги раҳбари, "Ҳинд миллий конгресси" партиясидан Окрам Ибоби Сингх билан бир округ бўйича сайловда иштирок этган.

Овозлар ҳисоб-китоби натижасига кўра, Шармила 90 овоз, Сингх эса 18,5 минг овоз тўплаган. Шармила бунга муносабат билдириб, бундай натижани кутмаганини ва бошқа сайловларда иштирок этмаслигини айтган.

"Мен мағлубиятимдан уялмайман, бироқ сайловлардан тўйдим ва келгусида уларда бошқа иштирок этмайман. Аммо мен партиям сақланиб қолишини истайман", деб айтган Шармила.

Иром Шармила мисли кўрилмаган фуқаролик бўйсунмаслиги акцияси учун "Манипурнинг темир хоними" деган ном олган: у 2000 йил 5 ноябрда 28 ёшида қуролли кучларга махсус ваколатлар, жумладан ҳарбийларга Ҳиндистоннинг шимолидаги турли айирмачилик гуруҳларига қарши курашда кенг имкониятлар берган қонуннинг бекор қилинишига эришмоқчи бўлиб очлик эълон қилган. Аёлнинг норозилик акциясига эса "Ассам мерганлари" ҳарбийлаштирилган корпуси хизматчилари томонидан Малом шаҳрида 10 фуқаро, жумладан 2 боланинг ўлдирилиши бевосита сабаб бўлган. 

Шармила очликни 2016 йил 9 февралида якунлаган. Фаол баҳсли қонун бекор қилинмагунча овқат ейишдан, сув ичишдан, сочларини тараш ва кўзгуга қарашдан бош тортган. Бироқ у очликни бошлагандан 3 кун ўтиб ҳибсга олинган ва унга "жонига қасд қилишга уриниш" айблови қўйилган. Аёлнинг саломатлиги ёмонлашаётгани сабабли ҳукумат унга мажбуран овқатлантириш жараёнини қўллаган. Аёл бир неча бор озодликка қўйиб юборилган, бироқ сўнгра яна ҳибсга олиниб, мажбурий равишда овқатлантирилган.

Top