09:55 / 11.03.2017
5687

Ироқ бош вазири фуқароларни мамлакатга қайтишга чақирди

Фото: Bild

Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободи мамлакатдан чиқиб кетган ва Германия ҳудудидан бошпана топган фуқароларни Ироққа қайтишга чақирди. Бунинг сабаби, Ироқда ИШИД террорчилик гуруҳи билан кураш ўз якунига етишига оз қолди. Бу ҳақда сиёсатчи Bild газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

"Мўсулда ҳарбий ҳаракатлар яқинда тугайди. Шаҳарнинг ғарбий қисми марказига етиб боришимизга оз қолди, амалиёт жуда омадли ўтмоқда, - деди бош вазир. – Биз фуқароларимиз мамлакатни мажбуран тарк этиши ва қочқинларга айланишини истамаймиз ҳамда қатор вилоятларни яшаш учун яроқли жойларга айлантирмоқдамиз".

Сиёсатчи немис журналисининг саволига жавоб қайтарар экан, "Улар қайтиши лозим. Бу бизнинг манфаатимизга мос келади" дея айтиб ўтди.

Германия ИИВ маълумотига кўра, мамлакат ҳудудида Ироқдан бўлган тахминан 130 минг қочқин бор.

Ироқнинг катталиги жиҳатидан иккинчи шаҳри ва ИШИДнинг бош “қўрғони” саналган Мўсулни озод қилиш бўйича кампания ўтган йилнинг 17 октябрь куни бошланди. Январь охирига келиб Шарқий Мўсул ҳукумат назорати остига ўтди, 19 февраль куни эса ал-Ободи шаҳарнинг ғарбий мавзеларига ҳужум қилишга топшириқ берди.

Жорий ҳафта бошида Ироқ ҳукумат кучлари отрядлари Ғарбий Мўсулнинг марказий мавзеларидаги ҳукумат бинолари эгалланганини маълум қилди. Баъзи маълумотларга кўра, жангарилар ИШИД раҳбариятидан Мўсулдан дарҳол чиқиб кетиш ва Раққага йўл олиш ҳақида топшириқ олишган. 

Top