15:56 / 15.03.2017
5526

Пекин Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли оролларда қурилиш ишларини давом эттирмоқда

Космосдан олинган суратлар шундан далолат бермоқдаки, ХХР ҳукумати Жанубий Хитой денгизи ҳудудидаги баҳсли Парасел ороллари ҳудудида қурилиш ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатди.

Planet Labs хусусий компанияси сунъий йўлдоши томонидан олинган суратларда ишчилар ҳудудда тозалаш ишлари олиб бораётгани ва 7та оролдан иборат гуруҳдан бири Шимолий оролда бандаргоҳ қуришга тайёрланаётгани кўринади. Бу ҳудудда ишлар ўтган йили тўфон туфайли тўхтаб қолганди.

Агентликнинг қайд этишича, январь ойида архипелагнинг бошқа оролларида ҳам қурилиш ишлари бошланганини пайқашганди.

Линнань университети мутахассиси Чжан Баохуэйнинг фикрича, Парасел оролларидаги объектлар Пекинга Жанубий Хитой денгизи ҳудудидаги позицияларини мустаҳкамлаш имконини беради. Бу обеъктлар Спратли оролларидагидан кўра муҳимроқ ҳисобланади. Шу билан бирга бу қурилиш ишлари ҳудуддаги бошқа мамлакатлар томонидан ёмон қарши олинмоқда.

Хитой Мудофаа вазирлиги вакили эса оролларда қурилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдириб ўтган.

Пекин бир неча ўн йилдан буён ҳудуднинг баъзи мамлакатлари билан Жанубий Хитой денгизидаги бир қатор оролларнинг ҳудудий дахлдорлиги юзасидан баҳс юритиб келмоқда. Гап, биринчи навбатда, Сиша архипелаги (Парасел ороллари), Наньша ороллари (Спратли) ва Хуанъянь (Скарборо маржон қоялари) ҳақида бормоқда.

Баҳсга у ёки бу даражада Вьетнам, Бруней, Малайзия ва Филиппин ҳам аралашган. 2013 йилнинг охиридан буён Пекин Жанубий Хитой денгизида сунъий оролларни яратиш, шунингдек, ушбу ҳудудларни кенгайтириш ва ўзлаштириш юзасидан йирик кўламли гидротехник ва қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Баъзи экспертларнинг баҳолашича, Пекин бу каби ҳаракатлар орқали ҳудуд устидан назоратни қўлга киритишга интилмоқда.

Top