17:53 / 16.03.2017
7991

Саёқ юрган болалар ёхуд тарбияга вақт топмаган ота-оналар

Афсуски, айрим ота-оналар кундалик ташвишлари билан бўлиб, фарзандларининг дарс пайтида қаерда, нима билан шуғулланиб юргани, кимлар билан “дўст”лашгани, кечки вақтларда кўчада нималар қилиб юргани билан қизиқмайди. Оқибатда эса...

“Постда” газетасининг хабар беришича, жорий йилнинг 20 январь куни тунги соат 22:00ларда Наманган шаҳрининг Дўстлик шоҳкўчасида жойлашган дорихона олдида икки нафар номаълум шахс 8-синф ўқувчисини уриб, қўлидаги уяли телефон аппаратини тортиб олиб кетишади.

Натижада жабрланувчи бурун суяги синиши, бош мия ёпиқ жароҳати ташхиси билан касалхонага ётқизилади.

Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган тезкор профилактик тадбирлар натижасида ушбу жиноят 16 ва 17 ёшли ўсмирлар “тўқликка шўхлик” қабилида содир этишгани аниқланди.

Ота-она назоратидан четда қолиб, тунги пайтда бекор юриб, ўйламасдан қилган қилмишлари уларга қимматга тушди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Top