08:50 / 17.03.2017
4858

Европа Иттифоқи Facebook, Google ва Twitter’ни жаримага тортиши мумкин

Европа Иттифоқи Facebook, Google ва Twitter компанияларига ўз хизматларини Европанинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигига мос ҳолга келтириш учун бир ой муҳлат берди. Акс ҳолда компаниялар жаримага тортилади, деб хабар бермоқда вазиятдан хабардор бўлган манбага иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги.   

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 2016 йил декабрда ЕИ ҳукумати ушбу компанияларга улар кўрсатаётган хизматларнинг баъзи шартлари Европанинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигига зид келиши ҳақида огоҳлантириш юборган.

Мисол учун, ЕИ фойдаланувчилар ушбу ижтимоий тармоқлар билан юзага келган бирор масала юзасидан ўз давлатларидаги судларга мурожаат қила олмай, бу мақсадда бу компаниялар офислари жойлашган Калифорнияга боришга мажбур эканликларини танқид остига олган.

Шунингдек, ЕИда ижтимоий тармоқлар ҳомийлик контентини аниқ белгиламасликлари ва фойдаланувчилардан шартномани бекор қилиш каби ҳуқуқларидан воз кечишни талаб қилишларига қарши чиқилди. Бундан ташқари, компанияларнинг ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, фойдаланувчилар томондан яратилган контентнинг яроқлилик даражасини ҳал қилиши ҳам танқид қилинган.  Google билан боғлиқ ҳолда унинг Google+ ижтимоий тармоғи хавотир уйғотган. Компанияларнинг ўзлари ҳозирча бу танқидларга изоҳ бермаганлар. 

Маълумотлара кўра, компаниялар вакиллари ушбу муаммоларни ҳал қилишнинг баъзи йўлларини таклиф қилишган ва Европа ҳукумати билан буни 16 март куни муҳокама қилишган.  

Ахборот агентлигининг таъкидлашича, Еврокомиссия юқоридаги чораларни қўллаб-қувватламоқда ва агар талаблар бажарилмаса, жарима солиши мумкин.  

Top