12:30 / 17.03.2017
5715

Иқтисодиёт вазири ва ЕТТБ президенти ўртасида учрашув бўлиб ўтди

15 март куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказди. 

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлигида ўтган учрашувда ЕТТБ делегациясига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, унинг соҳа ва тармоқларини диверсификация қилиш, хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш борасида белгиланган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. 

Мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожлаётгани, кейинги йилларда ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани таъкидланди.

Шунингдек, давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан профицит билан бажарилаётгани, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланаётгани ва иқтисодиётга йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ҳар йили қарийб 10 фоиз ўсаётгани билдирилди.

Музокаралар якунида ҳамкорлик дастури асосида иш бошлаш бўйича келишувга эришилди.

Top