11:55 / 17.03.2017
16370

Тошкент ва Олмаотани "Тулпор-Тальго" тезюрар поезди ўзаро боғлайди

Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл компаниялари икки мамлакатнинг йирик шаҳарлари ҳисобланувчи Тошкент ва Олмаота ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд қатновини йўлга қўйишга келишиб олди. Компаниялар, шунингдек, имконияти чекланган ва уларга ҳамроҳлик қилаётганларга чипта нархи борасида икки томонлама 70 фоизлик чегирма тақдим этишга қарор қилишган. 

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Қозоғистон темир йўллари миллий компанияси» АЖ раҳбариятларининг учрашуви Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Унда қўл юклари ва юкларни ташиш тартиби ҳамда №1/2 "Олмаота – Тошкент – Олмаота" йўналиши бўйича қатновчи йўловчи поездининг рейс жадвалига ойдинлик киритилди. Бу ҳақда «Қозоғистон темир йўллари миллий компанияси» матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

"Наврўз байрами арафасида №1/2 "Олмаота – Тошкент – Олмаота" йўналишида халқаро поезд қатнови амалга оширилади. У кенг кузовли "Тулпор-Тальго" вагонларидан ташкил топган. Поезд Олмаотадан душанба ва шанба кунлари йўлга чиқади ва 16 ярим соатдан сўнг Тошкентга етиб келади. Ўзбекистон пойтахтидан сешанба ва якшанба кунлари Қозоғистонга йўл олади. У қатнов йўлида Ўтар, Чу, Тароз, Чимкент, Сариоғоч ва Тошкент станцияларида тўхтайди", - дея маълум қилган компания. 

Top