17:05 / 18.03.2017
15499

Тожикистон Ўзбекистонга самимий миннатдорчилик билдирди

Ўзбекистон Республикасининг Душанбе шаҳридаги элчихонасига Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси бўйича қўмита раиси Рустам Назарзодадан мактуб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

ФВФМҚ раҳбари Ўзбекистондан Тожикистон аҳолисига энг қийин дамларда етиб келган инсонпарварлик ёрдами учун маннатдорлик изҳор қилган. Шу йилнинг бошида кучли қор ёғиш натижасида 500дан ортиқ қор кўчкилари рўй берган, унда тожикистонликларга талофат етган эди. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2017 йил 7 март куни қисқа муддатда 60 тонна юкни тайёрлаб, Тожикистон аҳлининг бошига тушган мушкул дамларда инсонпарварлик ёрдамини жўнатди. Автокарвонларда озиқ-овқатлар, дори-дармонлар, қурилиш материаллари, кўмир, иссиқ кийим ва бошқа зарурий моллар етказилди. 

Рустам Назарзода, шунингдек, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёзилган миннатдорлик мактубини ҳам элчихонага топширган. 

Top