17:21 / 19.03.2017
11452

Ёввойи каркидон уни тасвирга олаётган операторга эркаланди

Оператор Гарт де Бруно Остин Жанубий Африкадаги каркидонларни тасвирга олаётганди. Кутилмаганда улардан бири операторнинг ёнига келиб эркалана бошлади. Гарт де Бруно бу ҳолатдан қўрқмасдан жониворни эркалатиб қўйди. Мазкур воқеа акс этган видео YouTube'да хитга айланди. 

Операторнинг сўзларига кўра, жонивор унга нисбатан дўстона муносабатда бўлган. Остин каркидонга яқинлашмоқчи бўлган сайёҳлар ўз ҳаётларини хавф остига қўйишлари мумкинлигини айтиб огоҳлантирди. 

"Мен бир неча йиллардан бери ҳужжатли фильм учун каркидонларни тасвирга оламан ва шу вақт ичида уларнинг ишончини қозонганман", - дейди Остин.

Ёввойи табиатдаги каркидонлар браконьерлар сабаб жиддий хавфга дуч келишмоқда. 1977 йилда бутун дунё бўйлаб каркидонлар шохини сотиш ва харид қилиш тақиқланганди. Қора бозорда бир шохнинг баҳоси 50 минг еврони ташкил қилиши мумкин. 

Сўнгги пайтда содир бўлаётган воқеалар жониворларнинг ҳайвонот боғида ҳам ҳимоясиз эканини кўрсатган. 7 мартга ўтар кечаси Париж остидаги Туари ҳайвонот боғи ҳудудига номаълум жиноятчилар бостириб кириб, Винс лақабли 5 ёшли каркидонни ўлдириб, унинг бир шохини арралаб кетишди. Шундан кейин, Чехиядаги Двур-Кралове-над-Лабеме ҳайвонот боғи раҳбарияти ўз каркидонларини ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг шохини олиб ташлашга қарор қилди.

Top