15:13 / 19.03.2017
14024

Пул йўқ, аммо поезд бор: Фермердан қарзини тўламаган компания энди йўловчи поезд бериши керак

Ҳиндистонда темир йўл компанияси фермерга қарзини тўлай олмагани учун унга йўловчи поездини топширади. Панжоб штати суди қарздор томон товон сифатида поездни бериши кераклиги ҳақида қарор чиқарган.

Эндиликда 20 вагонли йўловчи поезди Сампуран Сингҳга берилиши керак. У кўп йиллардан буён штат темир йўл бошқармаси билан судлашиб келаётганди. Бир неча йиллар муқаддам бошқарма ундан темир йўл ўтказиш учун ер сотиб олганди, аммо 1 млн рупий (15,3 минг доллар) миқдоридаги маблағ шу вақтгача тўланмаган.

Фермер 2015 йили судда ютиб чиққан, аммо шундан кейин ҳам пулни кўрмаган. Бошқармадагилар унга шунчаки пул йўқлигини айтишган.

NDTV телеканалида хабар берилишича, 17 март куни Сингҳ адвокат ва суд пристави билан бирга Лудхиан шаҳри вокзалига келган ҳамда йўловчи поезд машинистига поезд мусодара қилиниши ҳақидаги суд қарори тақдим этилган.

Қайд этилишича, машинистга маршрут бўйича сафарни якунлаб қўйишга рухсат берилган.

ОАВ маълумотига кўра, темир йўл бошқармаси поезддан фойдаланиш учун яна 2 кун муҳлат сўраган. Бу вақт ичида бошқарма қарзни қайтаришга ваъда қилган, агар бу сафар ҳам пуллар тўланмаса, поезд ва унинг 20 вагони аукционга қўйилади. 

Top