13:17 / 19.03.2017
21665

“Сиздан угина, биздан бугина”: Яна бир фирибгар жазога тортилди

У тенгилар аллақачон машинали, уйли-жойли бўлиб кетишди. Ҳатто ота-онасиз ўсган синфдоши Маматбой ҳам. Навбаҳорлик Шароф (исмлар ўзгартирилди) шу ҳақда ўйлаб ўтираркан, миясига келган фикрдан бирдан суюниб кетди. «Қандай қилиб тез бойиш мумкин, дея ўзига савол берди у. – Албатта, ўзгаларнинг ҳисобига-да!»

...Шароф тумандаги «Қизилработ» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Бахтинисо Самадовага ўзини нуфузли идора раҳбариман деб таништирди. Унинг ўғли Аҳмадни ўзи яшайдиган хонадонга доимий яшаш учун рўйхатга қўйиб, ишга жойлаштиришни ваъда қилди.

– Энди ўзингиз биласиз, опа, – салмоқлаб гап бошлади Шароф. – Сиздан угина, биздан бугина, деганларидай... 

– Тушундим, тушундим. Қандай хизмат бўлса, биз тайёрмиз. Фақат шу ўғлим – ёлғиз ишонганим, унинг ишини ҳал қилиб берсангиз, бас. Ҳа дегани туяга мадад, мана шу атаганимизни олиб қўйсангиз. 

Фирибгар қошларини чимирди. Афтидан қоғозга ўралган пулнинг чўғи уни чўчитиб юборган бўлса ҳам сиртига сув юқтирмади. Устамонлик билан юзига ниқоб тақишга улгурди:

– Опа, сиз бозордан гўшт сотиб олаётганингиз йўқ. Ўғлингизни ишга киришини истайсизми ўзи?! Олинг пулингизни! Сизни тушунган аёл деб гап бошлагандим. Бўлди, сиз билан ишимиз битмади.

– Ҳой, кечиринг укажон. Мен... билмасдан... ҳалигидай деб ўйлаб¬ман.

Хуллас, «савдо» Шарофнинг фойдасига ҳал бўлди. Саккиз миллион сўмга келишилди. 

Бахтинисо пулни беришга берди-ю, аммо... Шу «аммо»си қимматга тушди унга. Шароф Ҳамдамов фирибгарларга хос тарзда баҳоналар тўқишга тушиб кетди. «Мана бўлди, ана бўлди», «Сабр қилинг, эртага ҳал бўлади» каби гапларни яхшилаб ёдлаб олган экан, шекилли, ҳар сафар эринмай такрорлайверди. 

Ҳар нарсанинг чегараси бор. Алалхусус, «иш битмади». Ҳар иккала томон ҳам қонун олдида жавоб беришларига тўғри келди.

Манба: “Постда” газетаси

Top