19:40 / 22.03.2017
89627

Қўқонда ташкилотлар масъулиятсизлиги оқибатида икки навқирон йигит мажруҳ бўлиб қолди

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридан «Кун.uz» таҳририятига мурожаат келиб тушди. Унда Туркистон кўчаси, 20-уй, 27-хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Умарова Саодат Абдуллаевна ўз оиласида рўй берган даҳшатли воқеани баён қилган.

Унинг маълумот беришича, 2017 йилнинг 18 март куни тонгги соат 3:00 атрофида Қўқон шаҳрига ёндош жойлашган Данғара тумани ҳудудидаги Ойдин кўчаси, 78-уйда қизининг яшаб турган уйда газ портлаган. Портлашга газ тез-тез ўчиши оқибатида газ тўпланиб қолгани сабаб бўлган. Ушбу портлаш оқибатида Умарова Саодатнинг куёви ва унинг икки фарзанди жароҳатланиб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

У набиралари Шералиев Билол ва Шералиев Абу Бакрнинг ҳолати шифокорлар томонидан ўта оғир деб баҳоланганини айтган. Жабрланувчилар айни вақтда Қўқон шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига оғир аҳволда қолмоқда.

«Бизнинг Қўқон шаҳримиз охирги йилларда энг қолоқ шаҳарлардан бири бўлиб қолган. Табиий газ, электр энергияси исталган вақтда берилади, исталган вақтда ўчирилади. Аҳолининг машаққати вилоят ҳокимиятини ташвишга солмайди.

Ушбу портлаш содир бўлганидан сўнг газ идорасининг раҳбарияти ҳам, маҳаллий ҳокимлик вакиллари ҳам ушбу ҳолат юзасидан қизиқиб воқеа жойига келишмаган. Ҳатто биров касалхонага бориб, жабрланган набираларим ҳолатидан хабар ҳам олмади. Ахир ушбу нохуш ҳодиса учун масъулият шаҳар газ идораси раҳбарининг зиммасидаку», дея ёзган шикоят қилувчи.

У охирги йилларда Қўқон шаҳри аҳолисининг 30-40 фоизи умуман табиий газсиз қолгани, 70-60 фоиз киши эса газ қувурларига насослар ўрнатиб олган ҳолда кун кўраётганини келтириб ўтган.

«Шаҳар газ идораси раҳбари Толипов Улуғбек оғзаки равишда рухсат бериши натижасида шаҳарнинг кўпгина қисмида яшовчи аҳоли газдан насослар ўрнатган ҳолда фойдаланиб келмоқда. Шунга ўхшаш ҳодисалар шаҳримизда охирги йилларда кўп кузатилмоқда. Бундай нохуш ҳодисалар туфайли инсонлар жароҳатланиб майиб-мажруҳ бўлмоқда ҳамда, қурбон бўлганлар ҳам кам эмас. Лекин негадир ушбу ҳодисалар юзасидан на Толипов Улуғбек ва на унинг отаси, газ идорасининг собиқ раҳбари Толипов Бахтиёр жавобгарликка тортилмаган. Ахир бу воқеалар юзага келишига ушбу шахсларнинг масъулиятсизлиги, ўз вақтида аҳолини огоҳлантирмасдан газни ўчириб ёқиши ва шунга ўхшаш ҳолатлар сабаб бўлмаганмиди?» дея куйиниб ёзади жабрланувчи.

У шундай ҳолатлар рўй берганида олиб бориладиган суриштирув ишлари вақтида аҳоли вакилларининг ўзини айбдор қилиб кўрсатиб, ишни ёпти-ёпти» қилишлари ҳақида маълум қилган.

«Агар аҳолига табиий газ ўз вақтида етказиб берилса, ким ўз жонини хатарга қўйиб, насос ўрнатади ёки талабга жавоб бермайдиган электр ва бошқа иситгичлардан фойдаланади?

Қўқон шаҳрининг мавжуд табиий газдан қарздорлиги Толипов Бахтиёрнинг раҳбарлик даврига тўғри келади. Ҳозирда унинг ўғли газ идорасида раҳбарлик қилиб келмоқда. Қани адолат? Нима учун кимларнингдир бойлик тўплаши эвазига аҳоли жабр тортиши керак?

Невараларимнинг бири 20 ёшда, иккинчиси 22 ёшда. Айни куч-қувватга тўлиб, Ўзбекистоннинг ривожланиши учун ўз ҳиссасини қўшадиган вақтда шифохонанинг жонлантириш бўлимида, ҳаёти қил устида ётиши адолатданми?», дея давом этилган мактубда.

Қўшимча қилинишича, шифохона харажатлари учун ҳар куни 1 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланмоқда. Унинг куёви ҳам айни вақтда жароҳатланган ҳолда шифохонада қолмоқда. Ушбу оилага моддий ёрдам кўрсатилмаган, етказилган моддий зарар қопланмаган. 

«Куёвим шифохонада, невараларим шифохонада, уларга дори-дармонни етказиб беришга қурбимиз 10 кунга, балки 20 кунга етар. Кейин нима бўлади? Додимни кимга айтаман? Худога шукрки, шифокорлар жим туришгани йўқ, қўлларидан келганча ёрдам қилишяпти. Шифокорлар ўз вақтида керакли ёрдамни кўрсатиб, невараларимнинг ҳаётини сақлаб туришибди», дейди она.

У Қўқон тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти, шифокорлар ва ҳамшираларга миннатдорчилик билдирган.
 
У ушбу воқеа юзага келишига сабабчи бўлган газ идораси раҳбариятини жавобгарликка тортиш ва невараларининг даволаниши учун моддий ёрдам ажратиш юзасидан амалий ёрдам берилишини ўтиниб сўраган.

Таҳририятга юборилган мактубда болаларнинг ҳозирги қўрқинчли ҳолати акс этган суратлар илова қилинган. Улардан бирида куйиш даражаси 85 фоиз. Тоғанинг маълумот беришича, 23 ва 20 ёшлардаги бу йигитлар ҳунармандчилик билан шуғулланишар, энди ногирон бўлиб қолишди.

Top