11:31 / 22.03.2017
11674

Республика жарроҳлик ангионеврология маркази ташкил этилмоқда

Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникасининг ангионеврология бўлими негизида Республика жарроҳлик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази ташкил этилади. Бу ҳақдаги қарор Ўзбекистон Республикаси бош вазири томонидан 14 март куни имзоланди. Ҳужжат матни Lex.uz’да тақдим этилган.

Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: 

ангионеврология соҳасида мувофиқлаштириш маркази функцияларини амалга ошириш, мия қон-томир етишмовчилиги касалликлари профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволашнинг замонавий усулларини энг аввало ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига жорий этиш бўйича методик раҳбарликнинг самарали вертикалини шакллантириш;

малакали ангионевролог мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш, ҳудудий тиббиёт муассасаларида маҳорат дарслари ҳамда кўргазмали операциялар, таълим берувчи маърузалар ва семинарлар ташкил этиш;

мия қон-томир етишмовчилиги билан боғлиқ касалликлар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш;

мия қон-томир етишмовчилиги касалликларини даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш йўли билан уйқу ва юракнинг қон томирлари артериялари шикастланишига чалинган беморларни даволаш;

сурункали мия қон-томир етишмовчилиги касаллигига чалиниш билан боғлиқ ҳолатларни доимий равишда таҳлил қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасида инсульт касаллиги миллий регистрини ишлаб чиқиш.

Марказ Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Фаробий кўчаси, 2-уй манзили бўйича Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси ҳудудида жойлаштирилади.

Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмонов зиммасига юкланди.

Top