18:56 / 24.03.2017
19498

Андижонда пиёдани уриб қочган автомашинани ҳушёр фуқаро таниб қолди...

2017 йил 21 март куни соат 20:05да Марҳамат туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги ШТЁБ навбатчи шифокори туман ИИБга телефон орқали хабар бериб, Қорабоғиш қишлоғида яшовчи Абдулаҳад Идрисов шифохонага йўл транспорт ҳодисасидан сўнг олиб келинганини маълум қилди.

Аниқланишича, Марҳамат шаҳрининг Мустақиллик кўчасида ҳаракатланаётган номаълум автомашина ҳайдовчиси пиёда А. Идрисовни уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб яширинган. Жабрланувчи воқеа жойида вафот этган. Воқеа гувоҳи бўлган Марҳамат туманида яшовчи Азизбек Умаровнинг ҳушёрлиги қочоқ “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчисини топишга ёрдам берди. Автомашина рақами ва рангини эслаб қолган Азизбекнинг кўрсатмаларига асосан тезкор қидирув ишлари амалга оширилиб, ҳайдовчи Булоқбоши ИИБ ходимлари томонидан ушланди. Ҳайдовчи пиёдани уриб юборгач, автомашинани Андижон шаҳридаги танишларининг уйига яшириб қўйган. 

Марҳамат туман ҳокимлигида,  туман ҳокими Х. Султонов ҳамда туман ички ишлар бўлими бошлиғи М. Нишановлар ўз ҳушёрлигини намоён қилиб, қидирувга ёрдам берган фуқаро Азизбек Умаровни муносиб рағбатлантирдилар.

18 март куни  Бўз тумани ИИБ томонидан Ховос қишлоғидаги сартарошхонани тунаган икки шахс – Н.О ва Н.Шлар тезкор қидирув натижасида қўлга олинди. Улар сартарошхона деразасини синдириб, жами 3 500 минг сўмлик буюмларни ўғирлаб чиқиб кетишган. Мазкур шахслар эндиликда ўз ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришади.

Шунингдек, Олтинкўл туман ИИБ томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар давомида қидирувда бўлган фуқаро Ю.Н ушланди. Ю.Н Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти аэропортига келган вақтда аниқланган. Ю.Н вояга етмаган 2 нафар фарзандини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келаётган эди.

2017 йил 21 март куни соат 20:30да Асака тумани Қадим қишлоғида яшовчи фуқаро Қўшақбой Хасанов телефон орқали туман ИИБга ўз яшаш уйида номаълум шахс ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўзига тегишли бўлган 1 дона "SAMSUNG"  русумли ноутбукини ва  1 дона "SAMSUNG"  русумли планшетини ўғирлаб кетганлигини маълум қилган.

Асака тумани ИИБ томонидан ташкил этилган тезкор-тергов тадбир тунги хизматга жалб этилган ИИБ ходимлари томонидан ушбу ўғирликни шу маҳаллада яшовчи Ф.А. содир этганлиги аниқланди. Ундан ашёвий далил тариқасида умумий нархи 3.000.000 сўмлик 1 дона "SAMSUNG"  русумли ноутбук ва  1 дона "SAMSUNG"  русумли планшет далилий ашё тариқасида олинган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top