20:10 / 24.03.2017
13891

Қозоғистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича декларация матни эълон қилинди

Ташқи ишлар вазирлиги сайтида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларация матни эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевнинг 22-23 март кунлари Қозоғистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасидаги икки томонлама музокаралар натижаларига кўра,

Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида 1998 йил 31 октябрда имзоланган Шартнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисида 2013 йил 14 июнда имзоланган Шартнома қоидаларига амал қилган ҳолда,

ўзаро ҳурмат, ишонч ва ошкоралик принципларига асосланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги мустаҳкам тарихий алоқалар, икки мамлакат халқларининг кўп асрлик қардошлик ва ҳамкорлик ришталарига таяниб,

Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги аҳил қўшничилик, дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг стратегик шериклик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш асосида жадал суръатда ва изчил ривожланаётганини мамнуният билан қайд этиб,

икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш икки қардош халқларнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беришига ҳамда Марказий Осийода тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва турғун ривожланишни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган ҳолда,

халқаро майдонда янада узвий ҳамкорлик қилиш ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришга ўзаро интилишларини тасдиқлаб,

икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун олий ва юқори даражаларда мунтазам икки томонлама ташрифлар ва сиёсий маслаҳатлашувларни қўллаб-қувватлашга ҳамда ҳукуматлар, парламентлар ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга содиқ қолган ҳолда,

қуйидагилар тўғрисида баёнот берадилар:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қозоғистон Республикаси Президенти дипломатик муносабатлар ўрнатилган пайтдан бошлаб чорак аср мобайнида ҳамкорликнинг турли соҳаларида эришилган салмоқли натижаларни юқори баҳолайдилар ҳамда икки давлат стратегик шериклик муносабатларининг янги тарихий даврга кираётганини таъкидлайдилар.

2. Томонлар Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва турғун ривожланишни таъминлаш масалалари бўйича позицияларининг мос келишини тасдиқлаган ҳолда, минтақа ички муаммоларининг барча жабҳалари бўйича ўзаро мақбул қарорларни келишиш ва қабул қилиш, энг аввало, ушбу минтақа давлатлари томонидан тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирларининг манфаатларини ҳурмат қилиш асосида амалга оширилиши лозимлигини таъкидлайдилар.

3. Томонлар халқаро сиёсатнинг муҳим масалалари бўйича позицияларининг яқинлиги ёки мос келишини қайд этдилар, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ўзаро интилишларини таъкидладилар ҳамда халқаро майдонда, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадаллаштириш ниятларини тасдиқладилар.

4. Ўзбекистон Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашига нодоимий аъзолиги доирасида Марказий Осиё мамлакатлари учун умумий бўлган устувор масалаларни илгари суриш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатларини олқишлайди ҳамда минтақада барқарорлик, хавфсизлик ва турғун ривожланишни таъминлаш масалалари, шу жумладан, халқаро сиёсатнинг ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб масалалари юзасидан Қозоғистон томони билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир.

Томонлар Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона мақомини янада кўтариш тарафдоридирлар.

5. Томонлар МДҲ аъзо-давлатлари учун ўзаро қизиқиш уйғотадиган барча масалалар бўйича ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ривожини таъминлаш мақсадида, МДҲ доирасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва Ҳамдўстлик механизмларидан янада самарали фойдаланишдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.

6. Президентлар хавфсизлик ва барқарорликка замонавий хуруж ва таҳдидларга қарши курашиш ҳамда иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида аъзо-давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган ташкилот сифатида ШҲТ кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича позицияларининг яқинлиги ёки мос келишини таъкидладилар. Томонлар Ташкилот Хартиясига мувофиқ, ШҲТ келгусида ҳам долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда блокли, мафкуравийлашган ва зиддиятли ёндашувларни истисно қиладиган йўлдан боришга содиқ қолишини тасдиқлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Қозоғистон Республикасининг ШҲТга раислиги доирасида ҳамда 2017-йил 8-9-июн кунлари Остона шаҳрида Аъзо-давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишини муваффақиятли ўтказиш бўйича унинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

7. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси иштирокчилар ҳисобланган халқаро шартномалар асосида халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотик ва қуролларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳамда бошқа хавфсизликка хуруж ва таҳдидлар билан курашишда маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва жадаллаштириш заруриятини қайд этдилар.

Ушбу мақсадларда Марказий Осиё минтақасида радикализм кўринишлари ва экстремизм тобора авж олишининг олдини олиш ва уларга қарши курашишда Ўзбекистон ва Қозоғистон тегишли идораларининг биргаликдаги ҳаракатларини такомиллаштириш бўйича барча зарурий чоралар кўрилади.

8. Президентлар афғон халқининг миллий келишувга эришиш, мамлакатни тинчлик йўли билан тиклаш ва қайта барпо этишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайдилар ҳамда сиёсий-дипломатик усуллардан кенг фойдаланиш орқали афғон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи ролини мустаҳкамлаш тарафдоридирлар.

Томонлар Афғонистондаги вазиятни тезроқ барқарорлаштириш ҳамда ушбу мамлакатда тинчликка эришиш минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

9. Давлат раҳбарлари Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурслари халқларнинг умумий бойлиги ва мулки эканлигини ҳамда миллионлаб инсонлар тақдири, бутун минтақа барқарорлиги ва фаровонлиги улардан оқилона ва адолатли фойдаланишга боғлиқ эканлигини қайд этдилар.

Томонлар Марказий Осиё трансчегаравий дарёларида янги гидротехник иншоотлар барпо этишни бошқа манфаатдор давлатлар манфаатларига зиён етказмайдиган конструктив ёндашув ва муроса асосида, шунингдек трансчегаравий таъсирга эга бўлган барча лойиҳаларни холис халқаро экспертизадан ўтказиш ва қуйи оқимда жойлашган мамлакатлар билан келишишни назарда тутувчи БМТ конвенцияларида белгиланган халқаро сув ҳуқуқининг умумеътироф этилган нормаларига мувофиқ амалга ошириш лозимлиги тўғрисидаги фикрни қўллаб-қувватлайдилар.

10. Томонлар экология ва сув хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш масалаларига устувор аҳамият берадилар, махсус қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга, ишчи гуруҳлар ташкил қилишга кўмаклашадилар, атроф-муҳит ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш учун зарур чоралар кўрадилар ҳамда ҳудудлар ва аҳолининг ҳаёт фаолиятига таҳдид соладиган экологик ҳалокатлар ва фавқулодда вазиятларда ўзаро ёрдам кўрсатадилар.

Томонлар Оролни қутқариш Халқаро Фондига Орол ҳалокати таъсири остида қолган ҳудудларни экологик соғломлаштиришга, шунингдек минтақа ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга қаратилган экологик ва илмий-амалий лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича минтақа мамлакатларининг биргаликдаги ҳаракатлари учун универсал платформа сифатида қарайдилар.

11. Томонлар Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ), биринчи навбатда, фан-таълим, маданий-гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда мусулмон давлатларининг янада фаол биргаликдаги ҳаракатларига кўмаклашадиган ҳамда бу орқали халқаро ҳамкорлик ва хавфсизликни илгари суришга ҳисса қўшадиган нуфузли форуми сифатидаги ролини мустаҳкамлаш мақсадида, мазкур ташкилот доирасидаги шерикликнинг муҳимлигини қайд этдилар.

Қозоғистон Республикаси 2016-йил 19-октябр куни Тошкент шаҳрида «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзуси остида 43-сессияси муваффақиятли бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига Ўзбекистон Республикасининг раислиги доирасида унинг саъй-ҳаракатларини тўлақонли қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон томони 2017-йил 10-11-сентябр кунлари Остона шаҳрида Фан ва технологиялар бўйича ИҲТ биринчи саммити ўтказилишини олқишлайди ҳамда ушбу тадбирда иштирок этишга тайёрлигини билдиради.

12. Қозоғистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Президентига ўзбек томони ЭКСПО-2017 Халқаро ихтисослашган кўргазмасида иштирок этишга қизиқиш билдиргани учун миннатдорчилик изҳор қилди.

Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик тоза технологияларни жорий қилиш, Барқарор ривожланиш мақсадлари принциплари асосида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда юқори технологияли соҳалар ва экологик тоза ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича икки мамлакат устувор қарашларининг мос келишини мамнуният билан қайд этадилар.

13. Томонлар парламентлараро алоқаларнинг фаоллашувини мамнуният билан қайд этадилар. Бу соҳада, хусусан, икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари палаталари ўртасида янада фаол ва кенг қамровли амалий ҳамкорликни йўлга қўйишда мавжуд заҳиралар аниқлаштирилди.

14. Президентлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожининг ижобий тенденцияларини мамнуният билан қайд этдилар ва икки томонлама савдо ҳажмларининг доимий ўсишини таъминлашга, икки мамлакат бозорларида талабгир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни товар айланмасига жалб қилиш орқали икки томонлама савдо тузилишини диверсификация қилишга ҳамда иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг узоқ муддатли шаклларини ривожлантиришга ўзаро интилишларини билдирдилар.

Томонлар ташриф давомида имзоланган 2017-2019-йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик Стратегиясини изчил амалга ошириш иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ва ўзаро товар айланмасини 2020 йилгача 5 млрд. АҚШ долларига кўтаришга туртки берган ҳолда, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

15. Икки давлат раҳбарлари жорий йилнинг 22-23 февраль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро Қўшма комиссиясининг ўн олтинчи мажлиси якунларини ижобий баҳоладилар ҳамда савдо-иқтисодий соҳада, энг аввало, кенг кўламли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали аниқ натижаларга эришиш мақсадида унинг ролини янада кучайтириш заруриятини таъкидладилар.

Томонлар транспорт ва коммуникация, қазиб чиқариш ва қайта ишлаш саноатлари, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, автомобил, кимё ва енгил саноат, соғлиқни сақлаш ва туризм каби устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадаллаштириш ниятидалар.

16. Томонлар икки мамлакат минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштиришга кўмаклашадиган Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланганини қайд этдилар.

Томонлар икки мамлакат минтақалари ҳамкорлигининг янги шаклини амалга ошириш механизмини яратиш имкониятини ўрганадилар.

17. Президентлар икки давлатнинг улкан транзит-транспорт салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, ташқи бозорларга энг қисқа ва самарали чиқишни таъминловчи транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор хусусиятини қайд этдилар.

Бу борада Томонлар ўз ҳудудларидан ташқи савдо юкларини транзит ташишда икки мамлакат темир йўл маъмуриятлари томонидан ўзаро преференсиялар ва қўшимча чегирмаларнинг тақдим этилиши бу соҳадаги ҳамкорликни тубдан кенгайтиришга ҳамда транзит юкларнинг салмоқли ҳажмларини жалб қилишга имкон беришини таъкидладилар.

Томонлар «Бейнеу-Акжигит-Ўзбекистон чегараси» автомобил йўли лойиҳаси, шунингдек минтақа мамлакатларининг халқаро денгиз коммуникациялари ва салоҳиятли бозорларга муқобил чиқишини таъминлайдиган бошқа қўшма лойиҳаларнинг тез орада амалга ошишидан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.

18. Томонлар икки мамлакат халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, қардошлик ва ҳамкорликни сақлаш ва мустаҳкамлашда ўзларининг тарихий масъулиятини англаган ҳолда, фан ва таълим, маданият ва санъат, туризм ва спорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга содиқ эканликларини тасдиқладилар.

Томонлар бундан буён ҳам икки давлат ҳудудида истиқомат қилаётган ўзбек ва қозоқ диаспоралари учун она тили, миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантириш масалаларида қулай шароитлар яратиб берадилар.

19. Президентлар ишонч ва ўзаро англашув муҳитида ўтган музокаралар якунларини мамнуният билан қайд этадилар. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб хизмат қиладиган ҳамда икки мамлакат қардош халқлари ўртасида ўзаро англашувни чуқурлаштиришга кўмаклашадиган икки томонлама олий даражадаги учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.

20. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевга ва барча Қозоғистон халқига ўзбек делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик ва илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Қозоғистон Республикаси Президентига ўзи учун қулай бўлган вақтда Ўзбекистон Республикасида ташриф билан бўлишни таклиф қилди. Ташриф муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.

Top