16:11 / 26.03.2017
20291

Илму ирфон излаб...

Шайх Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли 1310 ҳижрий — 1892 милодий йилда Қўқон музофотига қарашли Хожа Муҳаммад Валий қабристонига яқин Чорбоғ қишлоғида маърифатли хонадонда туғилган. Ёшликдан илмга иштиёқи баланд бўлгани боис, ўн тўрт ёшида саводхон ва ҳофизи Қуръон бўлиб етишган. У Қўқон ва Бухоро мадрасаларида, сўнгра Балх ва Мозори Шарифда устозлардан сабоқ олади. Сўнгра Қози Мирмуҳаммад Ғавс деган устозининг тавсиясига кўра, Ҳиндистоннинг Ажмир шаҳридаги «Усмония» мадрасасида яна саккиз йил ўқиб, хатми кутуб қилади, яъни энг олий шаҳодамномани қўлга кирититади.

Илм талабида, изланишда бўлиб, ўн беш йил ота-оналари билан кўришолмайдилар. Ҳиндистонда ўқиб юрган кезлари иттифоқо поездда ҳаж сафарига йўл олган оталари билан учрашиб қоладилар ва ҳаж зиёратида у кишига ҳамроҳлик қиладилар. Ота-бола бирга бу улуғ ибодатни тўкис адо этиб бўлганидан кейин, тақдир экан, оталари Ҳижозда вафот этади. Падари бузрукворидан ажраб колган Муҳаммаджон Ҳиндистонга қайтади ва яна бир йил илм ўқиб, мадрасани тамомлайди. Сўнгра отасининг васиятига биноан волидасини зиёрат қилиш учун она юрти Қўконга қараб равона бўлади. Не-не машакқатлар билан Қўқондаги ҳовлисига келса, оналари ҳам дунёдан ўтган экан. Кейинчалик бу вокеани эслаб: «Ман волидамдан ўн етти ёшда жудо бўлғон эканман. Шундан кейин ман кўролмадим, ман келғонимга пушаймон едим. Дилимда волидамға хизмат қилолмағонлигимнинг ҳасрати то Қиёмат қолди. Бу жойда гўё мусофирга ўхшаб қолдим», деб афсус-надомат чекади.

Ҳиндистонда ўқиб келганлиги ва забардаст олим бўлгани учун домлани «Ҳожи Ҳиндистоний», «Мавлавий Ҳиндистоний», «Ҳожи домулло», «Ҳазрати Мавлавий» номлари билан ҳурматлашади. Қўқонда туғилгани учун у кишига Қўқондий нисбаси ҳам берилган.                               

Юртга қайтиш

Унинг юртига қайтиб келгандан кейинги ҳаёти мураккаб бир вазиятда ўтади. Домла ўттиз олти ёшга кирган (милодий 1929 йил) вақтда мамлакатда очарчилик бошланган, диндорларга зуғум ўтказилаётган бир давр эди. У киши шу санада икки болали бир бева аёлга уйланади. Ундан кейин ташвишли кунлари бошланади. 1942 йили урушға кетгунига қадар “руҳоний”, “мулло”, “хорижий давлатларда ўқиган” каби айбловлар билан икки марта қамалиб чиқади. Жон сақлаш ва фитналардан йироқ бўлиш мақсадида аҳли аёллари билан тез-тез бошқа жойларга кўчиб туради. 1942 йили урушда қатнашиб, 1943 йил жароҳатлангач, меҳнат лагерига хизматга юборилади. 1946 йилда Қўқонга қайтиб келади. Қама-қамалар ва урушга кетгани сабабли Қозоғистон, Белорусия ва Россиянинг бир неча шаҳарларида умрини ўтказади.

Урушдан кейин динга бир оз эркинлик берилиб, масжидлар очилгандек эди. Ўша пайтлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Тошкентда жойлашган бўлиб, бутун минтақада диний ишлар шу ердан бошқарилар эди. Муҳаммаджон домла 1946 йили шу идоранинг муфтийси Эшон Бобохоновга иш сўраб мурожаат этганида, у кишини хизмат қилиш учун Тожикистонга юборишади. Домланинг яшашга уй-жойи бўлмагани учун Тожикистон қозиси у кишини Хожа Аҳрори Валининг пирлари Мавлоно Яъқуби Чархий мазоротига мутаваллий вазифасига жўнатади. Тожикистондаги ҳаёти шу тариқа бошлангач, домлани 1949 йили Хожа Яъқуб масжидига имомликка ўтказишади. Лекин бу ерда ҳам йигирма беш йилга қамашади. Аллоҳнинг иродаси экан, Москвага арз этиб, тўрт йилу уч ойда озодликка чиқади.

Таълим ва ижодга машғуллик

Домла 1954-1955 йилларда Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида ишлаб, араб тилидаги китобларни форс тилига ўгириш билан машғул бўлади. Айнан ана шу йиллардан кейин домланинг ҳаётида бир оз эркинлик бошланади. У зот умрининг охирига қадар юзлаб ўзбек, тожик, қирғиз ва бошқа миллат вакилларига диний илмларнинг деярли барча соҳаларидан, мантиқ, адабиёт ва шеършунослик илмларидан сабоқ берган. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва бошқа республикалардан олимлар ва шоирлар у кишининг зиёратига бориб, суҳбатларидан баҳраманд бўлган. Домла тўқсон етти ёшга кириб ҳам шогирдларига дарс беришни, илм-ижод билан шуғулланишни канда қилмаган. Араб, форс ва ўзбек тилларида шеърлар ёзган. У киши илмдаги ҳар бир масалага жиддий ёндашган: «Мен бирор киши саволига жавоб берган бўлсам, ёки бирор ривоятни айтган бўлсам, Парвардигор олдида масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда айтганман», деб таъкидлар экан домла.       

Ёт ғоялар ва ботил оқимларга раддия

Домла мусулмонларнинг ҳар хил оқимларга, тафриқа бўлинишларига кескин қаршилик қилган. Юртимизда аҳли суннат вал-жамоат ақидаси, Имом Аъзам мазҳаби, Нақшбандия тариқати пойдор бўлиши учун бор илми ва куч-қувватини сарфлаган. Бугунги кунда у кишининг Ўрта Осиёдаги юзлаб шогирдлари ҳам устоз изидан бориб, диний барқарорлик ва осойишталикни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ҳиндистонийнинг «ваҳхобийлар» билан қилган мунозараларидан, магнитафон тасмаси ва дискдаги маърузаларидан маълум бўладики, Домла совет даврида, аниқроғи 1970—1980 йилларда шаклланиб келаётган «ваҳхобийлар» тоифасига қарши курашган, уларнинг йўли нотўғри эканини илмий исботлаб берган ва юртимизда тинчлик, осойишталик учун бор кучини сарфлаган. Домланинг ваҳҳобийлар билан килган мунозарасига гувоҳ бўлганларнинг бир қисми ҳали тирик..

Ҳожи домла шубҳасиз, ўз даврида аҳли суннат вал жамоатни қаттиқ туриб ҳимоя қилди, жонини хатарга қўйиб бўлса ҳам турли ботил оқимлар билан кураш олиб борди, аҳли суннат вал жамоат эътиқоди ва ҳанафий мазҳабини ривожланиши ва тараққий этиши учун муносиб ҳисса қўшди. Кўплаб шогирдлари ҳам у кишининг маслак ва йўлларини давом эттирмоқда. Афсуски, домланинг ваҳҳобийлик йўлини тутиб, ундан юз ўгирган шогирдлари ҳам бўлган. Домла уларни маърузаларида қаттиқ мазаммат қилган ҳатто “дуйибад ҳам қилдим”, деб ошкоро айтган. Домланинг ҳанафий мазҳаби ва аҳли суннат жамоасини ҳимоя қилгани, юртимиз осойишталиги учун қайғургани ҳақида чет элда ҳам юртимизда ҳам кўплаб мақолалар чиққан.

Домла илму ирфон тарқатиш билан бирга, 30—40 йиллар олдин бугунги кундаги террорчилик, ёт ғоялар,ботил ва “маъносиз жиҳод”ларнинг хавф ва зарарларини пайқаган, улардан огоҳ этган. Дунё кўрган ва ўта фаросатли бўлган домла ана шу ялтироқ чақириқларнинг ортидаги манфур режаларни басират кўзи билан аллақачон моҳиятини англаб етганди. Шунинг учун ҳам домла динга эркинлик берилган, мусулмонларнинг ибодат қилишларига шароит яратилган бир вазияларда одамларни сабр ва шукрга, тинчликка ундар эди. Мухолифлар эса домлани замонасозликда, сусткашликда, жоҳилликда  айблар эдилар. Ҳатто энг ёмон сўзлар тарқатиб, фитна-фасод қилишгача ҳам боришган. Домла ўзига тош отган бузғунчи бир ваҳҳобийга мактуб йўллаб жумладан шундай сўзларни ёзади:  “Билгилки, биз масжидларимиз даҳрийлар масканига айланган, ошкора намоз ўқиб бўлмайдиган замонларни кўрдик. Бундан ҳатто марҳумлар ҳам азият чекди. Чунки ҳеч ким, ҳатто имом ҳам уларга жаноза ўқий олмасди. Жаноза ўқишга журъат этган имом эртасигаёқ қамоққа олиниши мумкин эди. Эндиликда яратган Эгам одамларнинг аҳволини ўзгартирган. Ҳамма ҳадиксирамай масжидга боради, жамоат бўлиб намоз ўқийди. Бу Аллоҳнинг марҳамати эмасми? Сен эса бизнинг шу кунларга етганимиз учун “Аллоҳга шукр!” дейишимизни ҳам айбга санайсан. Сен у замонларни кўрмагансан, туғилмаган бўлсанг ҳам эҳтимол. Ва яна беҳаёлигинг ва ақлсизлигингга бориб, давлатга раҳмат айтишни, бу кунлар учун шукр қилишни “ширк” деб биласан. Сенингча, булар Аллоҳнинг марҳамати эмасми? “Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан” эканига ишонмайсанми? Шунча балоларни бошдан кечирдимки, ҳозирги куним учун Парвардигорга ҳар қанча шукр қилсам оз”.

Домла мухолифларини катта ҳаётий тажрибаси ва чексиз илму маърифати билангина овозини ўчирган, ҳеч қурса писиб юришга мажбур қилган эди. Домла юқоридаги мактубида яна шундай гапларни айтади: “...юқорида айтганимдек, сен деворнинг нариги тарафидан шовқин соласан. Нодонлигингдан ҳайратга тушаман, зеро сен мантиқсиз нутқларингни, худди Қуръон ўқиётгандай, «Аллоҳ номи билан...», «Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки...» деб бошлайсан. Сен мени давлатга содиқликда ва у билан дўстона муносабатларда айбламокдасан. Сизларнинг фитна ва фасодларингиз туфайли ҳалиги мажлисда иштирок этганимда, сен мени ўз фирқангни бошлиғи ситфатида кўрсатма бердинг. Мен уларга «Ваҳҳобий» эмаслигимни (ҳанафий мазҳабига мансублигимни) далиллаб бердим.

Модомики, давлатни мақтаган эканман, тўғри қилганман! Зеро, давлат, юқорида эслатганимдек, бир пайтлар биздан тортиб олиниб, кофирлар масканига айлантирилган масжидларни қайтадан очди. Жаноби Расулуллоҳ «Мен одил ҳукмдор даврида туғилганман», деб фахланиб гапирардилар. Ғайридин шаънига мақтов айтиш, агар у адолатли бўлса, жоиздир. Хусусан, Шайх Саъдий шундай ёзади:

Гар соҳиби — Нўширвон бўлса,

Бундай даврга шарафлар бўлсин!

Демакки, агар Аллоҳнинг Пайғамбари Нўширавони Одил даври билан ифтихор килган экан, мен ҳам бу давр билан фахрланишим керак”.

Мазкур танбеҳларини ўқир экансан, беихтиёр бугунги мустақиллик давримизнинг қанчалар улуғ неъмат эканига шукрлар қиламиз. Шундай бир шароитда адашган ёшларимизни  ўйлаб ҳам ачинасан ҳам сергак бўлиши кераклиги ҳақида ўйлайсан...         

“Бемаъни жиҳодлар” танқиди

Бугунги кунда маъносиз ва ноўрин жиҳодлардан бутун дунё азият чекмоқда. Шундоққина инсоният кўз ўнгида минлаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилиб, мамлакатлар харобага айланмоқда. Аммо эътибор берсак, Ҳиндистоний Домла ўша пайтлардаёқ дунёдаги маъносиз жиҳодларни, жумладан, Афғонистондаги урушни ҳам қаттиқ танқид қилган. У зот бу борада бир ваҳҳобий билан қилган мунозарасида шундай дейди: «Сен афғон мужоҳидларини «улар ҳақиқий жиҳод қилмоқдалар», деб мақтайсан. Бирок уларнинг жиҳоди — мусулмонлар масжидларининг бузилиши, намоз ўқийдиганларнинг ўлдирилиши, одамлар молларининг ғорат қилиниши, аёллар ва болаларнинг қатл қилиниши, ғайридинлардан пул ундириш ва биродарларини ўлдиришдан иборатдир. Наҳотки шу муқаддас жиҳод бўлса? Асло унда эмас! Бу муқаддас қадамжоларни вайрон этиш ва муқаддас буюмларни йўқ қилишдан бошқа нарса эмас. Чунончи, Қандаҳорда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эски аболари, яъни махсус уст кийимлари сақланарди — уни ёқиб юборишди улар! Наҳот шу муқаддас жиҳод? Ҳошо ва калло — Аллоҳ асрасин, йўқ-йўқ! Агар улар мусулмонлар бўлсалар, бу дунёда намуна бўлгулик ҳеч вақо йўқ экан!

Вафотлари

Домланинг шогирдлари у кишига астойдил хизмат қилган. Шулардан бири ҳожи Исмоил Пирмуҳаммадзода устози ҳақидаги хотираларида шундай дейди: «...Саҳар чоғи эди. Умрининг сўнгги соатлари яқинлашарди. Бизни бир умрга тарк этишдан икки кун олдин устоз дедилар:

— Шу оқшом Мавлоно Яъқуби Чархийни туш кўрибман. Мавлоно тахти равон устида юриб, олдимга келиб дедилар: «Эй Мавлавийи Қўқандий, тахт устига чиқ, бирга гулистонга сайрга чиқамиз...». Бир лаҳза хомушликдан сўнг устоз дедилар:

— Азизларим! Хаёлимда у дунё сари сафар қилаётгандайман. Агар қўлларингдан келса, мани шу бузургворнинг ёнларига дафн қилинглар ва қабрим бошига мана бу рубоийни ёзиб қўйинглар!

Бародарон, Худоро, ба хокам гузар кунед,

Ба ҳоли табоҳи ман ба раҳмат назар кунед!

Нашъунамои зиндаги охир надомат аст,

Ёде аз Худо кунеду зи ғафлат ҳазар кунед.

Мазмуни:

Биродарлар, Худо учун қабримни зиёрат этинг,

Менинг ночор ҳолимга раҳмат ила назар қилинг.

Бу азиз умрнинг охири надоматдир,

Худони доим эслангу гафлатдан ҳазар қилинг.

Устознинг айтганларича бўлди...». Яъни домла икки кун ўтиб вафот этадилар. Энди бир ўйлаб кўринг. Хожа Аҳрори валийнинг пирлари Мавлоно Яъқуби Чархийдан зотнинг домланинг тушига кириши, вафотларига ишора қилиниши у кишининг Аллоҳга яқин бандалардан эканликларини англатмайдими?! Зеро ҳадиси шарифнинг башоратига кўра, содиқ одамларгина содиқ, рост тушлар кўрадилар.

Домла ижодининг хорижда ўрганилиши

Ҳиндистоний домланинг ҳаёт ва ижоди билан бугунги кунда бир қанча хорижлик олимлар қизиқишмоқда ва тадқиқотлар олиб боришмоқда. Интернет сайтларида ҳам инглиз, немис, тожик рус ва бошқа тилларида кўплаб мақолалар эълон қилинмоқда. Жумладан: 2002 йилда www.сепtrasia.ru сайтида журналист Неонилла Ямполскаянинг Петербург архивида сақланаётган Марказий Осиёга доир диний-илмий қўлёзмалар ҳақида петербурглик шарқшунос, РАН шарқшунослик институтининг Санк-Петерпургдаги филиали директори, тарих фанлари доктори Ефим Резван билан суҳбат эълон қилинган. Суҳбат чогида Мавлавий Ҳиндистонийнинг диний-маърифий, маданий мероси хақида ҳам сўз борган. Шарқшунос олим У кишининг ҳаёт йўли ва ижодий фаолиятига ҳаққоний баҳо бераркан, Ҳиндистоний ҳозирги кунда муқаддас динимиз ақидалари ва Куръон оятларини нотўғри талқин қилиб кенг жамоатчилик фикрини чалғитаётган ваҳҳобийлик оқими ҳаракатларини илк бор аниқлаган ва уларга қарши курашга биринчилардан бўлиб бел боғлаганлигини эътироф этган.

Ҳиндистоний жуда кўплаб диний асарларга шарҳлар ёзгани, бироқ унинг энг салмоқли иши ўзбек тилидаги олти жилддан иборат “Баён ул-фурқон фи таржимат ул-Қуръон” номли Қуръони каримнинг тафсири бўлгани ҳақида айтиб ўтади.  Олимнинг айтишича Домла Ҳиндистоний  ушбу китобини  1966 йилда Мисрда қатл қилинган Саййид Қутбнинг ислом радикаллари орасида кенг тарқалган «Қуръон сояси остида» («Под сенью Корана») номли китобдаги мавжуд ақидаларга қарши жавоб тарзида ёзилган”.

Халқ орасида “Тафсири мавлавий Ҳиндистоний” деб аталадиган 1000 саҳифага яқин бу китоб 2006 йили оз нусхада “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп бўлди. Шуни ҳам таъкидламоқчиманки, Биз муҳтарам президентимизнинг яхши китобларни чоп этиш ва китобхонликни тарғиб қилиш таклифларини қўллаб- қувватлаган ҳолда ҳамда  китобхонларимизнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиб, “Тафсири мавлавий Ҳиндистоний”нинг тўлдирилган ва тузатилган иккинчи нашрини чоп этишни мўлжалладик. Бугунги кунда Ҳожи домланинг шогирд ва мухлисларидан бўлган, муфассир ва пешқадам олимларимиздан бири Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Ҳожи домланинг “тафсир”ларига муфти ҳазрат Усмонхон Алимов билан бирга масъул муҳаррир бўлдилар ва ёзган тақризларида жумладан шундай дейдилар:”...алломаи замон бўлмиш бу зотнинг мураккаб бир вақтларда Қуръони карим таржимасига ҳам вақт топиб, ёзиб қолдирган бу асари биз шогирд ва мухлисларига кўзга суртиб ўқигулик табаррук бир ёдгорликдир. ...Ушбу таржиманинг имкон қадар тез чоп этилиб, ихлосманд халқимиз қўлига етиб боришида яратгандан тавфиқ тилайман.”

Шарқшунос олим Ефим Резваннинг фикрини давом эттириб айтадики:”... У (Ҳиндистоний домла –С.–Р) Қуръони Каримдаги айрим оятларнинг шифобахшлигини ва маййитлар руҳига Қуръон ўқишнинг савоби етмайди деювчиларни, авлиёлар зиёратини инкор қилувчиларни ва шунга ўхшаш эътиқоди носоғлом кишиларни қаттиқ танқид қилади. Яъни мавжуд аҳли суннат вал жамоат эътиқодини ҳимоя қилади”..

Ҳиндистоний рақибларининг жўн сиёсий қарашларидан ажабланарди. Нафс билан жиҳод қилиш тушунчасидан бехабар бундай кимсаларнинг қуруқ “жиҳод” деган сафсатасидан энсаси қотарди. Бемаъни жиҳоднинг зарарини яхши биларди. Шунинг учун ҳам Чор Россияси давридаги Дўкчи Эшон қўзғолонига мутлақо қарши чиққан. Унинг фикрича, бундай жиҳодлар фақат мусулмонларнинг калтабинлиги ва зарарига эвазига амалга ошади. Рақиб қўлида бегуноҳ мусулмонларнинг азият чекиши бу ҳар қандай гуноҳдан оғирроқ гуноҳдир... Кўриниб турибдики, Ҳиндистоний биринчилардан бўлиб, ўринсиз ва муваффақиятсиз жиҳоднинг зарарини тўғри пайқаган ва бундай жиҳодларга қарши чиққан.

Бугунги кунда Ҳиндистонийнинг мероси шахсий ва давлат архивларида сақданмоқда,– дейди Шарқшунос Ефим Резван, – Ўзбекистон ва Тожикистон архивларида сакланувчи бу асарлар етарли даражада ўрганилмаган ва қайта чоп этилмаган. Бирок, ўзбекистонлик исломшунос Бахтиёр Бобожонов бу йўлда кўп изланишлар қилмокда. Ҳозирда россиялик олимлар ҳам бу борада баҳоли қудрат иш олиб бормоқдалар. Петербург архивида Ҳиндистонийнинг кўп йиллик меҳнати сингган китоб ва ҳужжатлари мавжуд. Бироқ буларни шунчаки интернетда жойлаштиришнинг ўзи камлик қилади. Биз катта бир лойиҳага қўл урдик. Шу боис, биз ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз моддий қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезмоқдамиз”.

Домла қолдирган маънавий мерос

Аллома устоздан қолган меросни уч қисмга тақсимлаш мумкин:

А) Ёзган асарлари: Қуръони Каримнинг маънавий таржимаси — «Баёнул Фурқон фи таржиматил Қуръон» китоби; Бу китоб оз нусхада бўлсада, 2006 йил «Мовароуннаҳр» нашриётида чоп этилди. Ушбу манбанинг иккинчи нашрининг кўпроқ тиражда босилиши кўзда тутилган;

Баъзи муносабатлар билан ёзилган ўзбекча ва форсча шеърлар, айрим қайдлар;

Б) Таржималари: 1954-1955 йилларда Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида ишлаб, араб тилидан форс тилига ўгирган китоблари;

Қуръон, ҳадис, фиқҳ, илми маъоний, мантиқ, илми калом, сарфу наҳв ва бошқа фанлардан ўзлари учун таржима қилган кўчирмалар;

Замахшарийнинг «Навобиғул калим» ҳамда «Мақомоти Замахшарий» асарларининг араб тилидан форс тилига ўгирилган таржимаси;

Имом Барзанжийнинг «Мавлудун набий» асарининг ўзбек тилидаги таржимаси;

Имом Бусирийнинг «Қасидаи Бурда» асарининг форс тилидаги таржимаси;

Араб шоири Фараздақнинг Имом Зайнул Обидинга бағишланган қасидасининг ўзбек тилидаги таржимаси; Усмон Ўшийнинг «Қасидаи Омолий» асарининг форсча таржимаси;

В) Видео кассета ва магнитофон тасмасига ёзиб олинган маърузалар, илмий суҳбатлар. Бу маъруза ва суҳбатлар, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, тасаввуф, адабиёт ва одоб-ахлоқ ҳақидадир. Жумладан, Муҳаммаджон домла Имом Бухорийнинг» Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» ҳадислар тўпламини, Марғинонийнинг «Ҳидоя», Имом Аъзамнинг «Фиқҳи акбар», Абдураҳмон Жомийнинг «Шарҳи Мулло», Абдулқодир Бедил ғазаллари ҳамда Муҳаммад Фазлул-имом Хайриободийнинг «Мирқотул-мантиқ» асари шарҳини, шунингдек «Усули Шоший», «Нурул анвор» ва «Мухтасари маоний» каби асарларни ўзбек ва форс тилларига таржима қилиб, магнит тасмасига ёздирганлар.

Қиссадан ҳисса ёки айрим хулосалар

Таниқли шоирларимиздан бири Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1858-1909) “Илм ҳақида”ги маснавийсида: “Жаҳон басту кушоди илм бирла, Надур дилнинг муроди илм бирла, Кўнгулларнинг сурури ҳам илмдандур, Кўрар кўзларнинг нури ҳам илмдандур”, каби ҳикматли сатрларни битган эди. Бугунги кунда ёшларимизни илмга, маърифатга тарғиб ва ташвиқ қилаётганимизнинг боиси ҳам бежиз эмас. Ўтмиш алломаларимиз, фозилларимизнинг ҳаёт тарихига назар ташласак, илму маърифат учун дунё кезганлар, бутун ёшликдаги куч-ғайратларини, умрларини илм олишга бахшида этишган. Айнан эгаллаган илмларининг шарофатидан бутун дунёга машҳур бўлишган. Ҳожи Ҳиндистоний домланинг ҳам бир умр илмга бўлган чанқоқлиги, интилиши, ота-онадан йироқда фақат китоб мутолааси билан банд бўлиши ва пировард натижада алломаи замон бўлиб етишиши ёшларимиз учун намуна ва ибратдир. Биз мана шундай кишиларни бугунги авлодга ўрнак қилиб кўрсатишимиз даркор.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев маърузаларида, учрашувларида ёшларни зарарли бўлган ҳар қандай “ғоя”лардан асраш ва уларни илм олишга тарғиб қилиш ҳақида куюнчаклик билан қайғуриб гапирмоқдалар. Улуғ алломаларимиз ва фозилларимиздан ўрнак олишга, асарларини ўқишга даъват қилаётганлари бежиз эмас. Муҳаммаджон домланинг ҳам бу борада ёшларга ибрат қилиб кўрсатадиган илм йўлидаги заҳматлари айни сабоқ бўлади.

Ҳожи домланинг қўқонлик Исҳоқжон домла, Иброҳимжон домла, Аҳмадхон домла, Андижонлик Абдуллатиф домла, Абдурраҳим домла каби юзлаб илмлик имом-домла шогирдлари борки, устозларининг донишмандлиги, меҳрибонлиги ва ахлоқидан гап кетса, кўзларидан шашқатор ёш оқиб, тўлқинланиб кетишади...

Домланинг ён атрофида мухлислари, шогирдлари, у кишига эргашувчилар бениҳоя кўп бўлганини сезган мухолиф кучлар домлани халқ орасида беобру қилишга, маломатлар ёғдиришга, орқаворотдан фитна қўзғашга, ҳатто йўқ қилиш режасини тузишгача ҳам боришган. Мен бир неча йиллар Ҳожи домла билан ҳамсуҳбат бўлган, хизматини қилган андижонлик Окифхон ҳожи ва марғилонлик Оллоберди акалардан ёт оқимларнинг домлага нисбатан фитна ва хуружларини эшитиб таажжубга тушганман. Ҳатто имконини топишса, суиқасдни амалга оширишга ҳам тайёр турган эканлар. Бу гаплар ҳавойи, эшитма гаплар эмас, Ҳожи домланинг шогирдлари ҳам, маърузаларидаги қайдлар ҳам бу гапларнинг ҳақлигига гувоҳликлик беради.

70-80 йиллар атрофида хуруж қилиб келаётган ваҳҳобийлик, ёт оқимларнинг кирдикорлари ҳали унутилгани йўқ. Бу оқимларга қарши туриш, улар билан мунозарага киришиш, виждон амрига кўра иш қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмасди. Қарангки, шундай таҳликали бир даврда Муҳаммаджон домла бутун бошли тоифаларга, гуруҳларга бир ўзи шогирдлари билан қарши турди. Домланинг зарарли оқимлар вакиллари билан Наманган ва Шаҳрисабз каби шаҳарларда қилган мунозаралари ҳамон одамларнинг ёдида. Баъзиларннг қўлида мунозара туширилган ведио лавҳалар, аудио кассеталари ҳали-ҳануз сақланади. Мунозаралар тўғридан-тўғри бўладими, илм ҳалқаларида бўладими ёки ёзишмалар орқали бўладими, домла фақат уларнинг адашганликларини, фитна-фасод қилаётганликларини таъкидлар, уларга инсоф тилар, адашган тоифаларга кўпроқ илм олишни, ҳамма нарсага илмсизлик, калтабинлик ва саёз қарашлар сабаб бўлишини бот-бот таъкидлаганлар. Баъзи адашган ёшларнинг домла суҳбатларини эшитиб, тавба қилиб, тўғри йўлни танлаганликлари ҳам ҳамон одамлар тарафидан нақл қилинади. Зўравонлик эмас, жаҳолатга маърифат билан курашиш лозимлигини домла айнан ўз фаолияти билан исбот қилган эди. Бир инсонга тўғри йўл кўрсатиш, гоҳида кўп хайрларга васила бўлиши мумкин...

Ҳожи домла маърузаларида меҳр-оқибат ва мусулмон одамнинг елкасидаги ҳақ ва ҳуқуқларга кўп тўхталганки, одамлар орасида айнан шу нарса етишмайди. Бир маърузаларида “таовун” яъни ўзаро ёрдам, бир-бирга меҳр оқибат кўрсатиш ҳақида гапириб, инсоннинг елкасида бола-чақа, қўни –қўшни, маҳалла-кўй ва яшаб турган одамларнинг маълум бир ҳақлари борлигини таъкидлаганлар. Ҳатто маййитнинг ҳам тирик одамлар устидаги ҳақларини эслатганлар. Шу ўринда ваҳҳобийларнинг маййитга бориб Қуръон ўқиш “бидъат” деган қарашларини танқид қилиб, маййит эгаларидан ҳол сўраш одамгарчилик, муҳаббат рамзи ва динимизга мувофиқ бир одат эканидан гапириб, ҳаркимнинг ҳам сўзига кириб кетишдан одамларни огоҳлантирганлар. Ҳар қандай устоздан илм олмасликни ва ҳар қандай китобларни ҳам ўқийвермасликни, билиб-билмай фатво бермасликни, фитна қўзғашдан, қон тўкишдан эҳтиёт бўлишликни, Аҳмад Яссавий айтганларидек “Суннат эрмиш кофир бўлса, берма озор”га амал қилишни, қўлдан келганча одамларга яхшилик қилишни, Аллоҳдан қўрқмагандан қўрқишни, ҳаром луқмадан, ёлғончилик, пасткашликлардан ҳазар қилишни, ҳар бир қилган ишимиздан Аллоҳнинг олдига ҳисоб беришимизни доим такрорлаб турганлар.

Домла жамиятдаги хайр-барака ва фаровонликнинг икта муҳим асоси борлигини таъкидлайдилар:

1. Ҳалол бўлиш ва ҳаромдан ҳазар қилиш.

 2. Одамлар орасида меҳр-оқибат ва тинчлик-тотувлик.

Бугунги кунда муҳтарам президентимизнинг халқимиздан шу икки нарсани талаб қилаётганлари ҳам бежиз эмас деб ўйлайман.

Ҳожи домла ҳақиқий исломий илмга, комил мўминга хос бўлган зеҳн- фаросатга, эл-юрт севгисига, виждон амрига қулоқ тутиб, жонини хавфга қўйиб бўлса ҳам ҳар қандай радикал гуруҳлар, ёт ғоялар, фитналарга қарши тура олди ва муваффақият қозонди. Бир-икки адашган шогирдларидан ташқари миллионлаб шогирд ва мухлисларини фитна ва ёт ғоялардан ҳимоя қилди, уларни ҳанафий мазҳаби ва Имом Мотрудий ақидасида собит туришни ва бу энг тўғри йўл эканлигини таъкидлади. Айнан Муҳаммаджон домланинг ҳозирга қадар одамлар онгига ва эътиқодига ижобий таъсир ўтказиб келаётганини ҳисобга олиб, у кишини миллат қаҳрамони дегим келади. Ҳа, ажабланманг! У киши маълум маънода миллионлаб кишиларни чалғитишга уринган, керак бўлса қон тўкишга ҳам тайёр бўлган гуруҳларни тухтатгани учун ҳам қаҳрамондирлар. Миллатимиз фаровонлигига ҳисса қўшган қаҳрамонларимиздан қанча фахрлансак, миллат қалбини тирилтирган, ақидасини ислоҳ қилган инсонларни ҳам шу қадар бошимизга кўтарамиз. Зеро дунёда қалб хасталигидан оғирроқ ва хавфлироқ касаллик йўқ. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримда қалбида марази бор, бузғунчи кимсаларни лаънатлаган: “Аллоҳ билан аҳд боғлагандан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир.” (“Раъд” сураси, 25- оят) Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак бир ҳадисларида умматларининг етмиш уч тоифага бўлиниб кетиши, уларнинг барчаси дўзахий экани, фақат нажот аҳли бўлган бир тоифаси яъни “аҳли суннат вал жамоат”гина жаннатга тушишидиан хабар берганлар. Бир авлиё зот айтган экан:” Одамларга ҳайронман, ўликлар учун йиғлйдилар-у, ўлик қалблар учун йиғламайдилар?!”

Шахсан мен миллатимиздан бундай алломанинг чиққанидан ғоят мамнунман. Менимча, бу олимнинг ватан ва миллат олдидаги хизматлари алоҳида қадрланиши керак. Юқоридаги айтилганлардан келиб чиқиб сарҳисоб қилсак, ҳожи домланинг халқ ва ватан олдидаги холис хизматлари беқиёс таҳсинга лойиқ. Ва ҳукуматимиз тарафидан ҳам ҳисобга олинади, деган умиддамиз. Замондошларининг устоз аллома ҳақидаги хотираларини йиғиш, у киши ҳақида китоблар ёзиш ва менимча, Ҳожи домланинг ҳаёти шу қадар ибратли ва қизиқарлики, ҳатто у киши ҳақида яхшигина бир фильм ҳам ишлаш керак.

Ҳожи домланинг ҳаётлари, асарлари, хусусан “Тафсири мавлавий Ҳиндистоний”нинг иккинчи нашри, мазҳаб ва эътиқодимизга тўла мос бўлган суҳбатлари, ведио ва аудиодаги маърузалари, панд ва ўгитлари китоб ҳолида чоп этилиши, ёйилиши айни муддао бўлса, бу зотнинг ватан, миллат, илм, маърифат, меҳр-оқибат ҳақидаги ўгитларини ёшларимиз онгига сингдириш энг хайрли ишлардан биридир. Чунки, бугунги кунда ёшларимиз ўртасида адашишлар, ҳар хил оқимларга кириб кетишлар, билиб-билмай ўз жонини қурбон қилишлар содир бўлаётган бир пайтда, бундай улуғ зотларнинг ҳаёт ва ижодларини намуна қилиб кўрсатиш айни муддао бўлади, деб ўйлайман. Аллоҳ ўтган барча азиз-авлиёларимизнинг руҳини шод, ватанимизни обод айласин!

Сайфиддин Сайфуллоҳ,
Филология фанлари номзоди
Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти соҳиби,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 
Top