11:52 / 27.03.2017
36193

Ўзбекистонда жиноятчиликка қарши кураш бўйича янги қарор имзоланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 март куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Ҳужжатда айтилишича, “ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг иш шакли ва услублари, энг аввало ахборот-коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги сабабли ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди”.

Давлат идоралари аксарият ҳолларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида баҳолаб, оқибатда ушбу фаолиятга лозим даражада эътибор қаратмаётгани ҳам қайд этилди.

Ҳужжатга кўра Ўзбекистонда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларни тегишинча Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар этиб қайта ташкил этилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари ҳузурида прокуратура, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг тажрибали ходимларидан иборат доимий фаолият юритувчи идоралараро тезкор-тергов гуруҳлари ташкил этилиши белгилаб қўйилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қуйидаги комиссиялар бўйича ягона мувофиқлаштирувчи орган этиб белгиланди:

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси;

Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси;

Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси;

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси.

Шунингдек Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланди ва ушбу кунда қуйидаги тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади:

ҳуқуқбузарликларга муросасизлик маданиятини шакллантириш, ҳуқуқий нигилизмга барҳам бериш ва фуқароларнинг қонунга итоаткорлик хулқ-атворини оммалаштиришга қаратилган, шу жумладан ички ишлар органлари таянч пунктлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат идоралари ва ташкилотларида «очиқ эшиклар куни»ни ташкил этиш орқали тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

қонунийлик аҳволини ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини атрофлича муҳокама қилиш учун жойларда, биринчи навбатда криминоген вазият номақбул бўлган ҳудудларда фуқароларнинг сайёр қабулларини ҳамда давлат идоралари ва ташкилотлари вакилларининг аҳоли билан учрашувларини ташкил этиш;

ижтимоий аҳамияти муҳим бўлган суд муҳокамалари бўйича сайёр суд мажлисларини ўтказиш;

аҳоли турмушининг ижтимоий-иқтисодий шароитларини ўрганиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга кўмаклашувчи шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида уйма-уй юришларни ташкил этиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

махсус телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари, жамоатчилик иштирокида жойларда жиноятчилик аҳволи, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитлари, жиноятларни фош этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича ишларнинг натижаларини муҳокама қилиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари бўйича оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида мақолалар, шарҳлар ва бошқа материаллар чоп этилишини ташкил этиш.

Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б. Абдуллаев зиммасига юкланди.

 

Top