18:58 / 29.03.2017
4482

2016 йилда Бош прократура ҳузурига 174 мингга яқин фуқаро қабул қилинди

2017 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Сенаторлар ишни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитишдан бошладилар. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳисоботда қайд этилганидек, 2016 йилда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида прокуратура органлари томонидан катта ишлар амалга оширилди.

Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоялашга, фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари ижро этилиши, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури, Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури, Инвестиция дастури бажарилиши мунтазам назорат қилиб борилди.

Ҳисобот йилида тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилиш прокуратура органлари фаолиятининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлди. Тадбиркорларнинг, шу жумладан, тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқий билимларини ошириш юзасидан 43 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. Назорат тадбирлари давомида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари бузилган 19 752 та ҳолат, шу жумладан, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашилган 129 та ҳолат, ноқонуний текширув ўтказилган 54 та ҳолат, ноқонуний қарорлар қабул қилинган 1 657 та ҳолат, ортиқча йиғимлар ундирилган 657 та ҳолат, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишда қонун ҳужжатлари бузилган 887 та ҳолат аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича прокурор томонидан тегишли чоралар кўрилди.

Солиқ ва валюта жиноятларига ҳамда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича муайян ишлар бажарилди. 832,7 млрд. сўмлик солиқлар ва тўловларнинг қўшимча ҳисобланиши таъминланди, валюта соҳасида 771 та ҳуқуқбузарлик аниқланди.

Прокуратура органлари томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш борасида идоралараро ҳамкорликни такомиллаштириш чоралари кўрилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги телефон мурожаатларини қабул қилиш марказининг 34 та вазирлик ва идора билан электрон алоқа тизимининг самарали ишлаши таъминланди. 2016 йилда Марказ томонидан 103 063 та, тадбиркорлардан 3 394 та мурожаат қабул қилинди. Прокуратура органлари томонидан жами 194 817 та мурожаат кўриб чиқилди, 173 080 нафар фуқаронинг қабул қилиниши таъминланди.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида катта ишлар амалга оширилди. Халқаро ҳамкорлик янада ривожлантирилди.

Сенаторлар ҳисоботни ҳар томонлама таҳлил қилиб, 2017 йил 7 январь куни прокуратура органларининг бир гуруҳ ҳодимлари билан учрашувда мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилган ҳамда жамиятда адолатни янада мустаҳкамлашда, қонун устуворлигини таъминлашда, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда прокуратура органлари роли ва нуфузини оширишга қаратилган вазифаларни рўёбга чиқариш борасида Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси томонидан таъсирчан чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидладилар.

Top