11:11 / 30.03.2017
9144

Афғонистон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишни кўпайтирмоқда

Қашқадарёдаги “Эко парранда” корхонаси ва Афғонистоннинг Ixlos Ltd фирмаси ўртасида жорий йилда Афғонистонга 7 миллион дона тухум етказиб бериш бўйича келишув имзоланди. Шу билан бирга, шериклар бундан аввал ҳам муваффақиятли равишда ҳамкорлик қилишган. “Ixlos Ltd.” фирмаси 107 минг долларлик маҳсулот харид қилганди.

Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган “Эко парранда” масъулияти чекланган жамияти бундан беш йил аввал ташкил этилган. Айни пайтда корхона фабрикасида боқилаётган товуқлар сони 80 минг бошга етган. “Хай-лайн” зотига мансуб бу товуқлар касалликка чидамлилиги ва маҳсулдорлиги билан ажралиб туради. 

– Фабрикамизда товуқларни озиқлантиришдан тортиб тухумларни йиғиб олишгача бўлган барча жараён автоматлаштирилган ҳолда бажарилади, – дейди корхона раҳбари Муҳиддин Умидов. – Кунига ўртача 10 минг дона тухум олинади. Тез орада қиймати 1 миллион доллардан ортиқ қўшимча лойиҳани амалга ошириш бўйича ишларни якунлаймиз. Натижада фабрикамизда боқиладиган товуқлар сони 120 минг бошга ортади, 30 янги иш ўрни яратилади. 

Ўтган йилда вилоятда паррандачилик соҳасида 160 дан ортиқ истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Жойларда тухум ва товуқ гўшти етиштиришга ихтисослашган янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилиши, ишлаб турган корхоналар қуввати кенгайтирилиши ва модернизация қилиниши самарасида тармоқда маҳсулдорлик янада ошмоқда, таннарх арзонлашмоқда. Натижада ички истеъмолдан ортган маҳсулотни экспорт қилиш имконияти яратилмоқда. 2016 йил вилоят ишбилармонлари томонидан ташқи бозорга қарийб 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги тухум экспорт қилинди. 

Вилоятда декабрь ойида 5 минг бош курка боқишга мўлжалланган мажмуа ташкил этилади. Замонавий технологиялар ўрнатиладиган мажмуада йилига 20 минг бош курка жўжаси етиштирилиб, аҳолига етказиб берилади. 

Шунингдек, ҳудудда қуён етиштириш, қуён гўшти ва терисини қайта ишлашга ихтисослашган хўжалик ташкил этилмоқда. “Қамаши момиқ қуёнлари” агрофирмаси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа самарасида 30 минг бош қуён етиштирилиб, йилига 120 тонна гўшт ва 40 минг дона тери тайёрланади. Хўжаликда 30 киши ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, кейинги беш йилда Қашқадарёда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 баробар ошган, экспорт ҳажми 100 миллион долларга етган ва 2011 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпайган. 

Top