17:37 / 30.03.2017
15433

Суд Пак Кин Хени ҳибсга олишга ордер берди

Жанубий Корея суди мамлакатнинг собиқ президенти Пак Кин Хени ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу ҳақда «Вести. Ru» хабар тарқатган.

Корея Республикаси прокуратураси тегишли сўровни 27 март куни судга юборганди.

Эндиликда суд тергов томонидан собиқ президентга қарши илгари сурилган айбловларни қабул қилган. 

Собиқ давлат раҳбари 13 иш бўйича айбланмоқда. Уларнинг асосийси порахўрлик ва  мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳисобланади.

Агар айблар исботланса, унга 10 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солади.

Маълумот учун. Пак Кин Хе 2016 йилнинг октябрида матбуот унинг дугонаси Чхве Сун Силнинг фирибгарликларини ёзиб чиққанида можаролар марказида қолди. Текширувлар шуни кўрсатдики, бир неча йил давомида Чхве Сун Силь давлат бошқаруви ишларига аралашиб келган ва сиёсий қарорлар қабул қилинишига таъсир ўтказган. Пак Кин Хенинг дугонаси бир қатор компаниялар, жумладан Samsung компаниясига босим ўтказган, у шу мақсадда ўз назоратидаги фондга компаниялардан жами 70 миллион долларга яқин маблағ ундирган. Жанубий Корея мухолифати собиқ президент Чхве Сун Силь ишларидан бохабар бўлганини билдирди.

Ўтган йилнинг декабрида Жанубий Корея парламенти президент импичменти учун овоз берди, шу йилнинг 10 мартида эса бу қарор Конституцион суд томонидан тасдиқланди.

Top