14:51 / 30.03.2017
7908

Ўзбекистонда хавфсиз ва фойдали контентдан иборат махсус тариф режалари тақдим этилди

Бугун, 30 март куни Тошкент шаҳрида ёшлар ва ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишига йўналтирилган таълимий ва кўнгилочар ресурслардан иборат "ZiyoNET" тариф режаларининг жорий қилинишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. "Кун.уз" мухбирининг хабар беришича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, "O'zbektelekom" АК, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ҳамда UZINFOCOM маркази вакиллари ва журналистлар иштирок этишган.

Замонавий интернет технологиялари фойдали жиҳатлар билан бирга  ёшлар ўртасида ёт ғояларни тарғиб қилиш, миллатлар орасидаги келишмовчиликларни келтириб чиқариш, зўравонлик, экстремизм ва бошқа салбий таъсирларни оммалаштириш воситаси сифатида ёш авлод тарбиясига жиддий таъсир ўтказмоқда.

Ота-оналар фарзандларини бу каби таъсирлардан ҳимоя қилиш учун уларнинг интернетдан фойдаланишини чеклаб қўйишни маъқул кўришади. Бунинг натижасида эса бола интернет тармоғининг фойдали жиҳатлари - билимларини бойитиш, ўзини қизиқтирган мавзуларда тажриба алмашиш ва маълумотлар олиш, бу йўналишдаги жаҳон ҳамда маҳаллий миқёсдаги сўнгги янгиликлар билан танишиш, шунингдек ўзидаги иқтидорни намойиш этишга хизмат қиладиган таълимий ресурслар, электрон кутубхоналардан фойдаланиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлади.

Интернет тармоғида ёш авлодга қулай, хавфсиз муҳит яратиш, таълимий ресурслардан ягона нуқтадан фойдаланишларини ташкил қилиш орқали саломатлик ва ривожланишга салбий таъсир кўрсатувчи ахборот ҳамда киберҳужумлардан ҳимоя қилиш мақсадида "O'zbektelekom" АК томонидан махсус тариф режалари туркуми ва қўшимча хизматлар жорий қилинмоқда. Халқаро тажриба асосида татбиқ қилинаётган тизим хавфдан холи, фойдали интернет ресурсларидан оммавий фойдаланиш имконини беради.

Хизмат ва тарифларни ишлаб чиқишда 2006 йилдан буён таълим муассасалари, ахборот-кутубхона марказлари, илмий, маданий-маърифий марказлар, яъни юридик муассасалар имтиёзли равишда уланиб келган "ZiyoNET" тариф режаси асос қилиб олинган.

Матбуот анжуманида "O'zbektelekom" вакиллари эндиликда "ZiyoNET"нинг махсус тариф режаларига жисмоний шахслар ҳам уланиши мумкинлигини маълум қилишди.

Мазкур тариф режалари доирасида фойдаланувчи "ZiyoNET" тармоғидаги Ягона ахборот ресурслари рўйхатига кирувчи сайтлардан фойдаланиш имконига эга бўлади. "Оқ рўйхат"дан илмий-таълимий, маънавий-маърифий ҳамда боланинг етук ва соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қиладиган бошқа миллий ва халқаро интернет саҳифалари ўрин олган. Ушбу тариф режаларини ишлаб чиқишда унинг нафақат ёшлар учун фойдали, балки кўрсатиладиган хизматларнинг ҳаммабоп - қулай нархда бўлишига ҳам алоҳида аҳамият берилган.

"ZiyoNET" тариф режаси асосида Ягона ахборот ресурслари рўйхатига киритилган халқаро ва TAS-IX, яъни Milliy UZ доменида фаолият кўрсатувчи сайтлардан фойдаланиш мумкин бўлади. "ZiyoNET" тармоғида TAS-IX ҳудудидаги сайтлардан фойдаланиш трафиги чегараланмаган (бундай сайтлардан фойдаланганда ҳисобдан мегабайт сарф қилинмайди).

Мавзуга оид
Top