23:28 / 02.04.2017
5889

Арманистондаги парламент сайловларининг илк натижалари маълум қилинди

Фото: ТАСС

"Еркир Медиа" телеканали буюртмасига кўра Baltic Surveys / The Gallup Organization компанияси томондан Арманистондаги парламент сайловлари бўйича ўтказилган экзитпол натижаларига кўра, мамлакат парламентига 4 партия ўтмоқда. Сайловларда 46 фоиз овоз билан мамлакат президенти бошчилигидаги Республика партияси етакчилик қилмоқда.

Сўровномага кўра, 2-ўрин "Царукян блоки"га (25 фоиз), 3-ўрин мухолиф блок "Елк" (10 фоиз) ва 4-ўрин "Арманистон инқилоб федерацияси Дашнакцутюн" (5 фоиз) партиясига тегмоқда. Сўровномани тузишда 19130 сайловчи фикри сўралган.  

Парламентга ўтиш учун партияларга 5 фоиздан кўпроқ, блокларга эса 7 фоиздан кўпроқ овоз йиғиш керак эди.

2 апрелда ўтган сайловларда давомат 50,93 фоизни ташкил қилган.

Сайловлар давлат бошқарувининг президентлик шаклидан парламент шакилга ўтишини англатади. Янги тартиб 2018 йил февралда президент Серж Саргсяннинг ваколатлари тугагач, расман расмийлаштирилади. Кейинги президентнинг ваколатлари фақатгина вакилликдан иборат бўлади ва президент парламент томондан сайланади. Бироқ ҳозирданоқ бош вазирни тасдиқлаш жараёни ўзгаради: унинг номзодини парламентда кўпчилик ўрин олган партия ёки партиялар коалицияси таклиф қилади ва тасдиқлайди. 

Конституциявий талабга кўра, сайловлар натижаларига кўра 54 фоиздан иборат барқарор кўпчиликни шакллантириш лозим. Бундай кўпчиликнинг йўқлиги сайловнинг 2-босқичи ўтказилишига олиб келади. 2-тур ғолиби қўшимча мандатлар олиб, ўзига барқарор кўпчиликни таъминлайди.

Top