13:57 / 03.04.2017
8578

Россия корхоналаридан биридаги портлаш натижасида икки ўзбекистонлик жабрланди

Юқори Тагилдаги "Урал қўрғошин компанияси" МЧЖ саноат корхонасида металл эритиш қозони портлаши натижасида Ўзбекистон ва Россия фуқаролари жабрланган. Бу ҳақида Свердловск вилояти прокуратураси котибаси Марина Канатованинг сўзларига асосланиб, ТАСС агентлиги хабар берди. 

"Ҳалок бўлган ва жабрланганлардан бири - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари. Яна икки жабрланувчи - РФ фуқаролари", - деди Канатова.

Фавқулодда ҳолат юзасидан РФ ЖКнинг 216-моддаси (иш фаолиятида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши)га биноан жиноий иш қўзғатилди. Свердловск вилояти прокуратураси "Урал қўрғошин компанияси"даги саноат хавфсизлиги қоидалари, шунингдек миграцион қонунчиликка риоя қилиниши бўйича текширувларни йўлга қўйди.

РФ Тергов қўмитаси бўлимида хабар берилишича, жиноий иш бўйича зарур тергов чоралари кўрилмоқда. Қўрғошин эритиш жараёни ҳамда корхонадаги меҳнат муҳофазасига оид ҳужжатлар кўздан кечирилмоқда, корхона ходимларининг лавозимга доир кўрсатмалари таҳлил қилинмоқда. Тергов давом этмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, Юқори Тагилдаги фавқулодда ҳодиса натижасида 1 ишчи ҳалок бўлган, 3 нафари оғир аҳволда шифохонага жойлаштирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, 3 апрелга ўтар кечаси қўрғошин эритилувчи қозон портлагган, шундан сўнг цехнинг 60 квадрат метрли майдонида ёнғин бошланган. Россия ФВВ Свердловск бўлимининг хабар беришича, ёнғинни ўчиришга шахсий таркибдаги 15 нафар ўт ўчирувчи ва 4 та техника жалб қилинган. 

Top