16:50 / 04.04.2017
17703

Глобаллашув асрининг энг катта муаммоси – дангасалик

Иллюстратив сурат

"Беш кунлик дунёда бахтли лаҳзаларнинг қанчалик кўп бўлиши ўзимизга боғлиқ” дейишади. Наҳотки, бизнинг ҳаётимиз бор-йўғи 5 суткага қиёсланадиган даражада қисқа бўлса?! 

Эшитишимча, қадим замонларда ер юзида одамзод улкан кўринишда бўлиб, 450-500 йил умр кечирган экан. Шундай бўлса-да, улар ҳам ўз умрини жуда қисқа деб ҳисоблаб, ундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилган экан. Демак, умр ўлчови, уни қандай муддатга белгилаш инсоннинг шукроналик ва қониқиш ҳисси билан қиёсласа бўлар экан-да?!

Масалан, ҳаётнинг бир ҳафтасинигина олайлик… Биз бу вақт мобайнида жуда кўп ишларни амалга оширамиз - иш, ўқиш ташвишлари, қувончли лаҳзалар-у мусибатли дамларни бошдан кечирамиз. Бироқ ҳафта ўз якунига бориб, уни сарҳисоб қилишга келганда ҳайрат билан “вақт бунча тез ўтиб кетди, ахир кечагина душанба тонгги эди-ку?!” дея ёқа ушлаймиз. Шундай бўлса-да, ҳар доим ҳам ўтаётган лаҳзалар жуда қимматли эканлиги, уларни йўқотиб бораётганлигимизни англамаймиз. Аслида биз ҳафтанинг иш кунларидан бирини ёки бирор соатини беҳудага сарфлаган, шунчаки вақт ўтказган, дам-бадам соатга қараб, “вақт бунча секин ўтаяпти-я, бу дарс қачон тугар экан?” қабилидаги хаёллар билан сарфлаган бўламиз.

Ўйлайманки, бугунги куннинг энг долзарб муаммоси гиёҳвандлик ёки интернет ҳужуми, диний террористик ҳаракатлару, ОИТС хасталиги эмас. ХХИ – глобаллашув асрининг энг катта ва долзарб муаммоси – ДАНГАСАЛИК!

Атрофдаги инсонларга “дангасалик нима?” деган саволни берганимда, улар “шунчаки, бирор ишни қилишни хоҳламаслик” ёки “кўп ухлаш” кабиларни айтиб ўтишди. Аслида-чи, биргина дангасалик сўзининг замирида қанчадан-қанча маъно яширинганлигини биламизми? Дангасалик сўзи “меҳнат қилишдан қочишга одатланганлик”, “меҳнат қилмаслик” деган маънони англатади. Демак, дангасалик инсонлар ўйлаганичалик тор тушунча эмас, балки лоқайдлик, беэътиборликларнинг сабабчиси бўлгани ўлароқ, мудҳиш воқеаларнинг иштирокчисидир. Афсуски, бугунги кунда бу “касалик”ка одамларнинг елгил-елпи қараши натижасида дангасаликнинг давоми бўлмиш ёмон иллатлар авж олмоқда.

Баъзан ўйлаб қоламан, бугунги кун ёшларида ўқиш ва  ишлаш учун ҳамма нарса, ҳар қандай шароит бор: замонавий технологиялар, ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши, йилдан-йилга кўпайиб бораётган кутубхоналару, чет тилини ўргатувчи махсус мутахассислар…. Эҳҳе, булар ҳақида фикр юритсак, тугамайдигандек гўё. Бироқ нега улар ҳаракат қилишдан кўра ҳеч нарса қилмасликни, дарс қилишдан кўра бекорчиликни афзал кўришади?! Ахир илгари бундай шароитлар умуман бўлмаган, ҳатто орзу ҳам қилинмаган вақтларда ёшларнинг ўқишга бўлган қизиқишлари кўпроқ эди-ку?! Наҳот инсонга қанча кўп қулайлик ва имтиёзлар яратилса, у шунча дангасалик ботқоғига ботиб боради?!

Оммавий ахборот воситалари орқали лоқайд бўлмаслик, ҳар қандай вазиятда ҳам огоҳлик давр талаби эканлиги кўп бора такрорланади. Албатта, лоқайдлик барча тубанлик ва ёвузликларнинг негизидир, лекин аслида лоқайдликнинг асл сабабчиси дангасалик эмасми?! Бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, адолатсизликларга жимгина аралашмай қўя қолиш, яъни “оч қорним тинч қулоғим” қабилидаги қарашлар натижасида террористик ҳаракатлару, турли оқимлар кўпайиб кетмаяптимикин?

Инсон атрофидагиларга ёрдам бериб, уларга жуда керакли маслаҳатлар бериши, дангаса бўлмаслик, огоҳ бўлиш ҳақида маъноли фикрларни сингдириши мумкин. Бироқ ҳар бир шахс ривожланишни, айтаётганларига амал қилишни авваламбор ўзидан бошлаши керак! Ана шундагина қилинаётган тарғибот ва ташвиқотлар, яхшиликка ундовчи фикрлар бесамар кетмайди.

Дунёга шукроналик нигоҳи ила қараган инсон ҳаётнинг  қанчалик чиройли эканлиги, ўйлаб иш тутилса, вақт ҳам етарли бўлишини англаб етади. Фақатгина дангасалик "хасталиги"га қарши курашсак, уни бартараф этишга ҳаракат қилсак, бўлгани. Ахир халқимизда бежизга “Интилганга толе ёр!” деб таъкидланмайди-ку! 

ЎзДЖТУ талабаси Комила Эгамбердиева

Мавзуга оид
Top