16:11 / 05.04.2017
9713

Польша — Brexit’нинг асосий қурбони

Европа иттифоқидан энг катта ёрдам оладиган ва Евроиттифоқ давлатларига ишчи кучини энг кўп экспорт қилувчи бу давлат учун энди мураккаб даврлар бошланади.

Польша шимолий-шарқидаги Врмин-Мазурск воеводлиги маркази бўлмиш Ольштин шаҳри аэропортида бизнес қайнамоқда. Бу ердан ҳафтасига фақат иккита рейс учади ва иккиси ҳам Буюк Британияга, лекин улардаги ўринлар бутун ёз бўйи, деярли қиш бўйи ҳам олдиндан банд қилиб бўлинган бўлади. Энди бу чипталар номаълумлик томон етказади, шекилли.

Brexit жараёни ишга туширилганидан бошлаб бошқа мамлакатлардан кўра Польша бу аянчли ажрашишнинг оқибатлари олдида ўта заиф кўриниб бормоқда.

У Европа иттифоқи томонидан кўрсатиладиган ёрдамни энг йирик олувчиси ва қитъадаги хорижий ишчи кучининг энг йирик жўнатувчиси ҳисобланади. Ольштин каби Варшавадан 160 км узоқликда жойлашган, собиқ ҳарбий база бўлган аэропортларда унисига ҳам, бунисига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

ЕИдан ёрдам сифатида олинган 29 миллион еврога қайта қурилган аэропорт асосан Буюк Британияда яшовчи ва ишловчи полякларга хизмат кўрсатади. Уларнинг сони миллионга яқин ва блокни тарк этаётган мамлакатдаги ЕИ фуқаролари сонининг учдан бирини ташкил этади.

Энди нафақат ишчиларнинг статуси сўроқ остида, балки ЕИ томонидан келажакда бериладиган субсидиялар ҳам номаълум, чунки Brexit оқибатида блок бюджети катталиги бўйича иккинчи даромад манбасидан айрилади.

Польша ташқи ишлар вазири Конрад Шимански Bloomberg агентлигига шундай деди:

"Кўриниб турибдики, Brexit биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар биз музокараларда ўз сўзимизни ўтказа олмасак, бу ички бозоримизга зарар етказади. Афтидан, полякларнинг Буюк Британияда яшашига оид масалаларни мувофиқлаштириш жуда қийин бўлади, чунки кучлар тенг эмас".

Brexit Польша учун ўта ноқулай пайтда юз берди. Унинг миллатчи ҳукумати ЕИ президенти лавозимидан мамлакатнинг собиқ бош вазири Дональд Тускни сиқиб чиқаришга уринганидан сўнг Брюсселда тобора изоляцияга дуч келмоқда. Бир вақтнинг ўзида, мамлакат ЕИ инвестициялари иқтисодиётнинг секинлашишидан асраб қолишига ишонмоқда.

2004 йилда Польша шарқий Европанинг бошқа давлатлари қатори ЕИ аъзосига айлангач, 250 миллиард еврога яқин пулни сарфлаб юборган. Замонавий нархларда ҳисобланса, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг АҚШ Маршалл режаси бўйича ғарб давлатларига тақдим этган маблағлардан ҳам катта сумма.

Польшанинг "Ҳуқуқ ва адолат" партияси етакчилари Brexit’дан сўнг ЕИ институтларининг кучайиши эмас, сусайишидан умид қилишаётганини билдиришган. Ўтган йили мамлакат бош вазири Беата Шидло хоним мамлакат Олий суди қарорларини нега бажармаганлиги борасидаги саволга жавобан ЕИни Польша суверенитетига таҳдидда айблаган.

Польша ЕИга қўшилганидан кейинги бир йил давомида мамлакат молия вазири бўлган Мирослав Гроницкининг фикрича, Brexit’дан сўнг Европанинг бошқа давлатлари интеграцияни кучайтиришни танласа, Польшанинг 448 млрд. доллар ҳажмга эга иқтисодиёти четда қолиб кетади:

"Польшанинг муваффақияти ЕИнинг қанча маблағини ўзлаштирганида эмас, унинг иқтисодиёти қанчалик очиқ бўлгани ва ягона бозордан нима ютганига бориб тақалади. Агар ЕИнинг айрим аъзолари муносабатларни Польшасиз мустаҳкамлай бошлашса, шак-шубҳасиз, биз ютқазамиз".

ЕИнинг сўнгги бюджети 2020 йилгача амалда бўлади. Brexit бўйича музокаралар, муваффақиятлими бўладими-йўқми, 2019 йилнинг мартида якунланади ва Польша бу музокараларни синчиклаб кузатиб бормоғи керак. Мамлакат марказий банки раҳбари Адам Глапинскининг айтишича, Brexit туфайли ЕИнинг тасдиқланган бюджети амалдан қолган ондан бошлаб у мамлакат иқтисодиётининг аҳволи учун қайғура бошлайди.

ЕИнинг Польшага ёрдами туфайли мамлакат 10 йил ичида аҳоли жон бошига ишлаб чиқаришни 2 баробар кўпайтириб олиш имконини берди. 2015 йилги иқтисодий кризис чоғида ҳам иқтисодий ўсиш 3,9 фоизга етди, сўнгра — 2016 йилда мамлакат ҳукумати ўзгарганидан кейин ЕИ томонидан биргаликда молиялаштирилаётган инвестициялар ҳажми камайгани ва блок бюджетининг янги цикли амал қила бошлагач — 2,8 фоизга тушди.

ЕИнинг энг қашшоқ ҳудудларда яшаш даражасини ошириш сиёсати доирасида бу пуллар турли инфраструктуралар — йўллардан тортиб, сув тозаловчи иншоотлар, муниципал бассейнлар ва аэропортлар қуришга сарфланган.

Бироқ, Польшадаги ўртача маош Буюк Британиядаги ўртача маошнинг учдан бир қисмига тенг ва ҳозирча миллионга яқин полякнинг уйига қайтиш истаги намоён бўлганича йўқ.

Бу орада Ольштин аэропорти шу йилнинг майи ойидан бошлаб, Лондоннинг Лутон ва Стастед аэропортларига учадиган ҳафталик рейсларга қўшимча равишда Норвегия йўналишида ҳам рейслар очмоқчи. Аэропортнинг операцион директори Томаш Кадзиолка бу қарорнинг Brexit билан боғлиқлигини тан олмади:

"Ўтган йили биз 50 минг йўловчи ташиганмиз, бу йил эса уларнинг сонини 100 мингга чиқармоқчимиз. Биз жадаллик билан ривожланишни мақсад қилганмиз", — деди у.

Top