12:45 / 05.04.2017
8498

Расмий Дамашқ Анқара маъмуриятига нисбатан жиддий айбловларни илгари сурди

Фото: AFP

Анқара Суриянинг Идлиб вилоятида жангарилар тайёрлаш бўйича иккита лагерни барпо қилмоқда. Бундай ҳаракатлар Сурия суверенитетини бузиши баробарида БМ ХК резолюцияларига ҳам зиддир, деб баёнот берган Суриянинг Россиядаги элчиси Риёд Ҳаддод РИА Новостига. 

"Туркия Идлиб вилоятида Кирбат ва Атма туманларини босиб олиш билан янги ҳудудларни эгаллаш жараёнини бошлади. Турк қўшинлари бу ҳудудда иккита жангарилар тайёрлаш лагерини барпо этди. Унда иккита янги террорчилик гуруҳи шуғулланмоқда. Бу нафақат мамлакат суверенитетига қарши агрессия, балки Сурия халқига нисбатан ҳам агрессиядир", — деган юқори лавозимли дипломат. 

Унинг сўзларига кўра, Туркиянинг "Фрот қалқони" амалиёти тугагани тўғрисидаги баёноти амалдаги ишлардан бутунлай фарқ қилади. 

"Амалда Туркия томони ўз қўшинларини олиб чиққани йўқ. Ҳозирда, улар мамлакат шимолидаги Ал-Боб шаҳрида. Улар ўзларига иттифоқчи кучлар ёрдамида шаҳар барпо қилишга уринмоқда. Мен мазкур тумандаги террорчилик гуруҳларини назарда тутмоқдаман", — деган элчи. 

Шу билан бирга, расмий Дамашқ халқаро ҳамжамиятдан Туркияга босим ўтказишни талаб қилмоқда. Элчининг айтишича, Сурия ҳукумати бу масалани БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам кўтарган ва душманона кайфиятдагиларни яраштириш бўйича Марказ вакиллари билан муҳокама қилмоқда. 

Бундан ташқари, Сурия араб республикасининг Россиядаги элчисига кўра, Анқара Сурия ҳудудларини ноқонуний босиб олган. 

Туркия якка тартибда давлат чегараларини Суриянинг Африн дарёси чегарасигача ичкари сурди. Бу аслида Сурия ҳудудларини эгаллаб олишдир, деб айтган Риёд Ҳаддод. 

"Туркия Жендерис шаҳридан жануби-ғарбдаги Африн дарёсининг қуриб қолганидан фойдаланиб, икки давлат чегараларини англатувчи тиконли симтўрларни кўчирди. Шу билан, Сурия ҳудудларини эгаллаб олиш юз бермоқда", — дея таъкидлаган САР элчиси. 

Бундан ташқари, Дикмадаш туманида турк ҳарбийлари Африн шаҳри яқинидаги тепаликни эгаллаб олишган. У ерга оғир ва зирхли техникалар келтирилган. Элчининг айтишича, туркиялик ҳарбийлар Сурия ва Туркия ҳудудини ажратиб турадиган деворни қуришга ҳозирлик кўрмоқда. 

Мавзу
Идлибда газ ҳужуми
4 апрель куни Идлибдаги Хан-Шайхунга заҳарли газ тўлдирилгани тахмин қилинган бомбалар ташланган, бунинг оқибатида камида 100 киши, шу жумладан ўнлаб нафар бола ҳам ҳалок бўлган.
Барчаси
Top