12:50 / 06.04.2017
3525

Хитойда ҳаво ифлосланишини кенг кўламли мониторинг қилиш бошланди

Фото: AP

Хитой атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича вазирлиги мамлакатнинг 28 шаҳрида ҳаво ифлосланиши даражасини мониторинг қилиш бўйича кучайтирилган дастур бошлангани ҳақида маълум қилди. Бу ҳолат бир йил давомида олиб борилади, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

China Daily газетасининг ёзишича, ишларда 5,6 мингга яқин ҳукумат ишчилари иштирок этади. Вазирлик шунингдек турли корхоналар томонидан ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги маълумотларни яшириш ва уларни сохталаштириш ҳолатлари ҳақида ҳам хабар берган. Табиатни муҳофаза қилиш сиёсати соҳасидаги жиддий қонунбузарликлар Пекин, Тяньцзин, шунингдек қўшни вилоятлар - Хэбэй, Шаньдун ва Шаньсидаги текширувлар давомида аниқланган.

Хитой ҳукумати 2017 йилда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги ҳавонинг ифлосланиш даражасини 2012 йилдаги кўрсаткич билан таққослаганда 10 фоизга қадар камайтириш ниятида. Жорий йилнинг март ойида эса ХХР давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян мамлакат ҳукумати ҳаво ифлосланиши билан кураш бўйича чоралар қабул қилмоқчи эканини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, жорий йилда ҳавога чиқариладиган олтингугурт диоксиди ва азот оксиди ҳажми 3 фоизга камаяди, ҳаводаги PM2,5 зарарли заррачалари зичлиги ҳам анча тушади.
 

Top