16:39 / 08.04.2017
12392

МДҲ махсус хизматлари Петербург терактини суриштиришда ёрдам беришга тайёр

МДҲ мамлакатлари хавфсизлик хизматларининг барча раҳбарлари истисносиз тарзда Санкт-Петербургдаги қўпорувчилик бўйича олиб борилаётган тергов ишларида ёрдам беришни таклиф қилган. Бу ҳақда Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин "Россия 1" телеканалининг "Вести в субботу" кўрсатувида баёнот берди

"Учрашувда қатнашган махсус хизматлар раҳбарларининг барчаси разилларча ва қўрқоқларча амалга оширилган қабиҳ жиноят ташкилотчиларини фош этишда ёрдам беришга тайёрликларини билдиришди. Улар мазкур жиноятга алоқадор шахсларни қидириб топишда кўмак беришни таклиф қилишди", - деган Наришкин. 

Унинг қайд этишича, Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларига виза тартибини жорий қилиш терроризмга қарши курашда ижобий натижа бермаслиги мумкин. 

"Махсус хизматларнинг тайёрланаётган терактларни дастлабки босқичларида аниқлаш бўйича ҳар дақиқа, ҳар соат тинимсиз ва синчковлик билан олиб бориладиган иш самара беради", - деган Россия Ташқ разведка хизмати раҳбари. 

Эслатиб ўтамиз, 3 апрелда Санкт-Петербург метросининг "Технологический институт" ва "Сенная плочшад" бекатлари оралиғида портлаш рўй берди. РФ тергов қўмитаси ҳодисани теракт деб баҳолади. Сўнгги маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлган, 50дан ортиқ киши яраланган. 

4 апрель куни Москвада МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик ва разведка хизматлари раҳбарларининг XIV кенгаши бўлиб ўтди. 

Top