11:26 / 09.04.2017
7719

Америкалик ҳарбий Афғонистондаги амалиёт вақтида ҳалок бўлди

Америкалик ҳарбий хизматчи Афғонистонда ИШИДга қарши операцияда иштирок этиш чоғида ҳалок бўлди. Бу ҳақда АҚШ армияси ҳарбий вакили капитан Билл Салвинга асосланган ҳолда Associated Press агентлиги маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, АҚШ армиясининг махсус топшириқли кучлари таркибида бўлган ҳарбий 8 апрель куни кечқурун Афғонистон шарқидаги Нангарҳар вилоятида ўтказилган операция чоғида олган жароҳатлари туфайли ҳалок бўлган.

Маълумот учун, Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош ҳудудида ИШИД таъсиридаги кучлар жойлашиб олган. Америкаликлар авиацияси бир неча марта радикал кучларнинг позициялари бўйлаб зарбалар берган.

ИШИД Хуросон ҳудудида (Афғонистоннинг аксар ҳудудлари) ўз филиалини ташкил қилгани ҳақида 2015 йилнинг январида эълон қилганди. Бу ҳудуддаги жангарилар бир вақтнинг ўзида Афғонистон ҳукуматига ҳамда ҳукуматнинг душмани бўлмиш толибонларга қарши кураш олиб боради.

ИШИД жангарилари бир неча ҳафта ичида мамлакат шимолидаги Ҳилманд, Фароҳ, Зобул, Логал ҳамда Нангарҳар вилоятларида ўз таъсирларини ёйишди. Ушбу жангарилар сафида ўрта осиёликлар, кавказликлар ва уйғурлар жанг қилишади.

Афғонистондаги ИШИД жангарилари сони расман аниқ эмас, баъзи манбаларга кўра уларнинг сони 5 минг нафарга яқин.

Top