21:20 / 11.04.2017
11169

Ўзбекистонда электрон чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича катта кўламли ишлар олиб борилмоқда

Ўзбекистон янги электрон чиқиндилар тўплаш даражаси бўйича Марказий Осиёда Қозоғистондан кейин 2-ўринни эгалламоқда.

"Ҳар куни республикада 12-13,5 тонна қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланади, бу эса йилига 5 млн тонна деганидир. БМТ университети мутахассисларининг фикрича, Ўзбекистон ҳудудида 45 тоннагача электрон чиқиндилар, жумладан электрон-маиший техника ва оргтехника чиқиндилари ҳосил бўлади, бу эса Марказий Осиёда Қозоғистондан кейинги иккинчи кўрсаткич ҳисобланади", деб маълум қилинди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида.  

Айни вақтда Ўзбекистонда маиший чиқиндиларни қайта ишловчи 317 та корхона фаолият юритади. Улар орасида полимер, макулатура, шиша, резина, латта-путта ва бошқа турдаги чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар бор. Улар томондан маиший чиқиндиларнинг 14,23 фоизга яқини қайта ишланади. 

Қаттиқ чиқиндилар орасида электрон чиқиндилар (электрон қурилмалар бутловчи қисмлари) ёки бошқача айтганда e-waste утиллаштирилиши ва кейинги ишлатилиши жараёнларининг мураккаблиги бўйича биринчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Ушбу долзарб ва муҳим экологик муаммо – электрон чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши муаммосини ҳал қилиш учун Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва "Тошрангметзавод" билан қаттиқ маиший ва электрон чиқиндиларни утиллаштиришга қаратилган аҳолининг экологик фаоллигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қўшма тадбирлар дастури амалга оширилмоқда.  

Ушбу дастур электрон чиқиндилар ва рангли металлар чиқиндиларини самарали бошқариш тизимларини яратиш, жумладан чиқиндиларни қабул қилиш пунктлари яратиш, ижтимоий-экологик, ахборот-оқартув тадбирлари ўтказиш ва бошқа йўналишдаги ишлар бўйича ўрта ва узоқ муддатли лойиҳаларни ўз ичига олган. 

Бу дастурни амалга оширишдаги муҳим қадамлардан бири "Ташрангметзавод"нинг Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси кўмагидаги инновацион лойиҳаси – "Toshrangmetzavod Recycling" компаниясини ишга тушириш бўлади. Бу корхона фаолияти электрон чиқиндиларни жисмоний ва юридик шахслардан йиғиш, уларни утиллаштириш ва қайта ишлаш ҳамда Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда тегишли инфратузилмани яратишга қаратилади. 

11 апрелдан "Табиатга имкон бер" бренди остида Media Park савдо маркази ҳудудида ташкилотлар, компаниялар, корхоналар ва фуқаролардан электрон чиқиндилар қабул қилинмоқда. Чиқиндиларни топширувчилар чегирмалар билан рағбатлантирилмоқдалар.

Мавзуга оид
Top