10:39 / 14.04.2017
56194

Сноуден АҚШ аслида нима учун Афғонистонга бомба ташлаганининг сабабини маълум қилди

АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден твиттердаги саҳифасида АҚШ Афғонистонда бомба билан зарба берган туннеллар қисман АҚШ маблағлари ҳисобига барпо этилганини маълум қилди.  

Гап Афғонистоннинг Нангарҳор вилоятидаги Тўра-Бўра (Қора ғор) ғорлар мажмуаси ҳақида бормоқда. Сноуден сўзларига исбот сифатида New York Times нашрида келтирилган мақоладан парча келтирди.

"Тўра-Бўра Марказий разведка бошқармасининг қисман молиялаштириши ҳисобига мужоҳидлар учун қурилган мустаҳкам база ҳисобланади", деб айтилган мақолада.

13 апрелда АҚШ энг кучли ноядровий бомба деб эътироф этилувчи GBU-43 бомбасини Афғонистонда биринчи маротаба жанговар шароитларда қўллади. Зарбадан мақсад ИШИД жангарилари ва улар ҳаракатланадиган туннеллар тизимини йўқ қилишдан иборат бўлган. Пентагон матбуот хизмати бомба зарбаси Нангарҳор вилоятидаги Ачин туманига берилганини маълум қилган.   

Вашингтонда зарба ИШИД жангарилари туннеллари тизимига берилгани ва АҚШ маъмуриятининг ИШИДни яксон қилиш ваъдасига содиқлиги намойиши ҳисобланиши айтилган.

Ушбу ғорлар мажмуаси афғон уруши (1979-1989) йилларида мужоҳидлар ва кейинчалик "Толибон"  ҳаракати жангарилари томонидан стратегик объект сифатида қўлланган. Ушбу мажмуа кўплаб омборлар, турар жойлар ва бошпаналар, бункерлар, қурол ва ўқ-дори омборларига эга, 400 метр чуқурликка кетувчи туннеллар лабиринтидан иборат. Маълум қилинишича, туннелларнинг умумий узунлиги 25 км дан кўпроқни ташкил қилади. 

Top